Рақамли давлатни ривожлантиришнинг янги босқичи муҳокама қилинди
Бирор хизмат учун идорама-идора юриш, бир ҳужжатни бир неча марта тақдим этиш ёки давлат органидан жавоб кутиб вақт ўтказиш — булар аста-секин ортда қолаётган жараёнлар. Энди савол бошқача қўйилмоқда: фуқаро давлат хизматини излаб юрадими ёки хизматнинг ўзи фуқарони топадими?
“ICT WEEK “Ўзбекистон — 2026” доирасидаги амалий сессияда айнан шу масалага эътибор қаратилди. “Рақамли давлат: ягона ёндашув, замонавий бошқарув ва фуқаролар учун янги имкониятлар” мавзусидаги мулоқотда давлат бошқарувини рақамли муҳитга ўтказишнинг навбатдаги босқичи муҳокама қилинди.
Гап фақат хизматларни электрон шаклга ўтказиш ҳақида эмас. Идоралар ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, фуқародан ортиқча маълумот сўрамаслик, хизматларни унинг эҳтиёжига қараб таклиф қилиш — рақамли давлат олдида турган асосий вазифалардан.

Бу жараёнда сунъий интеллектга ҳам алоҳида ўрин берилмоқда. Сессияда фуқаронинг давлат билан мулоқотида ягона рақамли ёрдамчи бўлиши кўзда тутилган “AI Government Assistant” тизими тақдим этилди. Тизим my.gov.uz платформаси орқали хизмат ва маълумотларни топишда фуқарога кўмак бериши назарда тутилган.

Яъни, мақсад оддий: фуқаро хизмат олиш учун қанча кам ҳаракат қилса, давлат тизими шунча самарали ишлаяпти, деган ёндашувни қарор топтириш.
Сессияда, шу билан бирга киберхавфсизлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, рақамли идентификация, транспорт ва тоғ-металлургия соҳаларида сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир якунида рақамли давлатни шакллантиришда фаол иштирок этаётган ташкилотлар ҳам тақдирланди. Электрон иштирок, рақамли аудит, ижтимоий ҳимоя, транспорт, соғлиқни сақлаш, солиқ ва божхона йўналишларида энг фаол ташкилотлар эътироф этилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА