“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича иккинчи глобал форумида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари билан бир қаторда мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Рам Аер Ўзбекистон мана шундай глобал форумлар ўтказиш бўйича ташаббус билан чиққани ва уларни муваффақиятли ўтказаётганини эътироф этди.
– Бундан икки йил олдин Бухорода ўтказилган илк форумда муҳим ташаббуслар илгари сурилиши билан бир қаторда ўтган даврда уларни ҳаётга татбиқ этиш, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилди, – деди Р.Аер. – Муҳими, парламентлар БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқаришда фаоллик кўрсатаётир. Бугунги иккинчи глобал форум иштирокчилари ўз фаолиятлари давомида амалга ошираётган ишлари ҳақида маълумотлар бериш билан бирга ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлди. Таълим тизими самарадорлигини ошириш, айниқса, инклюзив таълимга эътибор, камбағалликка барҳам бериш бўйича муҳим фикр-мулоҳазалар билдирилди. Буларни амалга ошириш одамлар манфаатига хизмат қилади. Мана шундай хайрли мақсадларни биз ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Таълим ривожида нанотехнологиялардан кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Н.Абдураимова, ЎзА