Раҳбар ва ёшлар учрашуви натижаларга бой бўлди
Ёшлар куни муносабати билан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг Тошкент давлат юридик университети битирувчи талабалари билан очиқ мулоқоти ўтказилди.
Унда туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари, тегишли соҳа раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари, банк-молия муассасалари вакиллари ҳамда вилоятдан келиб таҳсил олаётган битирувчи талабалар иштирок этди. Маълум қилинишича, жорий йилда Тошкент вилоятидан 125 нафар талаба мазкур олийгоҳни тамомламоқда. Уларнинг бандлик ҳолати таҳлил қилинганда, 21 нафари давлат ва хусусий секторда расман иш билан таъминлангани, 13 нафари ўзини-ўзи банд қилгани, 91 нафари эса ҳозирча иш билан таъминланмагани аниқланган.


Учрашувда битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласи асосий эътибор марказида бўлди. Қайд этилганидек, ҳудуддаги туман ва шаҳарларда Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ ва адлия бўлимлари учун замонавий бинолар барпо этилган. Шунингдек, ҳудудда 469 та хусусий адвокатура тузилмалари ҳамда 86 та хусусий нотариал идоралар фаолият юритмоқда.


Ҳозир вилоятда юридик соҳа ва ҳуқуқ-тартибот тизимида жами 197 та бўш иш ўрни мавжуд. Жумладан, Адлия тизимида 5 та, Прокуратура тизимида 1 та, Мажбурий ижро бюросида 55 та, Ички ишлар органларида 78 та (24 та терговчи, 42 та профилактика инспектори ва 12 та пробация инспектори) вакант ўринлар мавжуд. Бундан ташқари, АРГОС электрон платформасида корхона ва ташкилотларда 52 та юрист лавозими очиқ.


Битирувчилар бандлигини таъминлаш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан талабалар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг 28 нафарига ишга жойлашиш бўйича кафолатланган сертификатлар топширилди. Учрашув давомида ёш мутахассисларнинг келгусидаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни бўш иш ўринларига йўналтириш ҳамда ҳудудларда малакали кадрлар захирасини шакллантириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди.


Мулоқот якунида университет билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
А.Мусаев, ЎзА