“Раҳбар ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” сифатида белгиланиб, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга эътибор қаратилмоқда. Мазкур ташаббус доирасида “Адолат” СДП томонидан “Alfraganus” университетида “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда университет ректори Азизбек Исмоилов ва “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова бугунги кунда олий таълим ташкилотлари нафақат билим маскани, балки ёшларни ижтимоий ҳаётга тайёрлайдиган муҳим платформа эканини таъкидлади.

Давра суҳбатида талабалар билан самимий мулоқот қилинди. Партия етакчиси партия томонидан ёшлар сиёсати доирасида олиб борилаётган ишларга тўхталди:
— Йил бошидан буён сафларимизга 220 мингдан зиёд янги маслакдошларимиз қўшилди ва ўсиш динамикаси 20 фоизни ташкил этди. Энг қувонарлиси, партиямиз электоратининг сезиларли қисмини — салкам 40 фоизини айнан сиз каби 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этмоқда. Нега бугун ёшлар бизнинг партиямизга талпинмоқда? Сабаби, ёшлар адолатга ишонади. Сизлар ҳақиқатни сохтакорликдан, билимни юзакиликдан ажрата оласиз. Партиямиз илгари сураётган — сифатли таълим, ижтимоий тенглик ва коррупциясиз жамият ғояларига қаратилган 10 дан ортиқ ёшлар лойиҳалари сизларнинг орзу-умидларингиз билан ҳамоҳангдир, – деди Робахон Маҳмудова.

Учрашувда Қонунчилик палатаси депутатлари Елена Борисова, Тоҳир Полвонов ва Муҳаммаджон Валиев сўзга чиқиб, парламент томонидан ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қабул қилинаётган қонунлар, янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган кафолатлар ҳақида батафсил тўхталди. Депутатлар ёшларни мамлакатда кечаётган сиёсий жараёнларда фаол бўлишга, давлат бошқаруви ва қонун ижодкорлигида ўз таклифлари билан иштирок этишга чорлади.
Ўз навбатида, талабалар таълимдаги инновациялар, ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича саволлар билан юзланди. Ҳар бир таклиф ва мурожаат диққат билан тингланиб, партиянинг келгуси фаолиятида инобатга олиниши қайд этилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА