Рационализаторлик таклифи – ресурс тежамкорлиги ва инновацион ёндашув самараси
Янги Ўзбекистонда саноат тармоқларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда корхоналарда инновацион ғоялар ва рационализаторлик таклифларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этиб, ишлаб чиқаришнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Навоий кон-металлургия комбинатида ишчи-ходимларни техник ижодкорликка кенг жалб этиш, илғор ғояларни амалиётга татбиқ қилиш ва ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилган. Корхонада ҳар йили ўтказиб келинаётган “Энг яхши рационализаторлик таклифи” танлови ана шундай ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Навбатдаги танловда 281 нафар иштирокчи томонидан геология, кончилик, энергетика, механика, транспорт, автоматлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари, хавфсизлик техникаси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби йўналишлар бўйича 257 та рационализаторлик таклифи тақдим этилди.
Танловнинг энергетика йўналишида “Қизилқум” кон бошқармаси бош энергетиги Бекзод Атабаев томонидан тақдим этилган таклифлар юқори баҳоланди.

– Танловда “Пистали” конида карьер ва дренаж сувидан 6-гидрометаллургия заводининг технологик эҳтиёжлари учун фойдаланиш” мавзусидаги рационализаторлик таклифи билан иштирок этдим, – дейди Б.Атабаев. – Мазкур лойиҳа доирасида аввал фойдаланилмасдан чиқариб ташланган дренаж сувлари махсус қувурлар орқали йиғилиб, насослар ёрдамида катта ҳажмли сув омборларига етказилади. Кейин эса ушбу сув 6-гидрометаллургия заводининг технологик жараёнларида қўлланилади. Шу тариқа табиий сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш таъминланиб, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун қўшимча манба яратилади. Таклиф ҳакамлар томонидан сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш борасида муҳим ечим сифатида эътироф этилди.
Бу каби инновацион ёндашувлар мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий этиш, сув ресурсларини асраш ва саноат корхоналарида ресурс тежовчи технологияларни татбиқ этишга қаратилган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.
Энг муҳими, мазкур рационализаторлик таклифи нафақат сув сарфини камайтириш, балки ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш, харажатларни қисқартириш ва иқтисодий самарадорликни оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири