Рўзи Чориев таваллудининг 89 йиллиги муносабати билан онлайн танлов ўтказилди
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Рўзи Чориев таваллудининг 89 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Рўзи Чориев таваллудининг 89 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Ўзбек рассомчилиги ривожига улкан ҳисса қўшган Рўзи Чориев таваллуди муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими томонидан жорий йилнинг 3 августидан 28 августига қадар “Сурхондарё одамлари” мавзусида ўтказилган онлайн расмлар танлови воҳа ижодкорлари ҳамда ёшлар ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлди.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Шеробод туман ҳокимлиги, вилоят маънавият ва маърифат бўлими ҳамкорлигида мазкур танлов ғолиб ва совриндорларига диплом, эсдалик совғалари ҳамда 250 дона турли номдаги китоблар жамланмаси тақдим этилди.
Онлайн тадбирда воҳанинг таниқли ижодкор рассомлари, халқ усталари, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, қолаверса, Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбари, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур томонидан Рўзи Чориев ҳаёти ва фаолияти, инсоний фазилатлари, ноёб истеъдодига оид фикр-мулоҳазалари, таассуротлари иқтидорли ёшларга куч-ғайрат бағишлаган бўлса, Ўзбекистон халқ бахшиси Шодмон Хўжамбердиев томонидан ижро этилган термалар иштирокчилар кўтаринки кайфият бахш этди.
Тадбир доирасида академик рассом Рўзи Чориев асарлари кўргазмаси ташкил этилди.
- Ғолибларни аниқлаш осон кечмади. Танловга қабул қилинган барча ижодий ишларнинг барчаси энг сара ишлар дейиш мумкин, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Наргиза Раҳматуллаева. - Қувонарлиси, ушбу танловда Рўзи Чориев ижоди ва фаолияти, буюк мусаввирнинг ҳаёт йўллари билан боғлиқ янги-янги ижод намуналаридан бахраманд бўлиш билан бирга, янги истеъдод эгаларини кашф этганимиздан хурсанд бўлдик. Тадбир давомида Рўзи Чориев қаламига мансуб асарлар галареяси ташкил этилди. Унда таниқли рассомнинг юртимиз табиати, содда ва меҳнаткаш халқимизнинг дарду қувончларини нозик дид ва юксак маҳорат билан тасвирлаган асарлар намойиш этилди. Бу эса тадбир иштирокчиларига Рўзи Чориев руҳини, нафасини ҳис қилиш имконини берди.
Ўтказилган бу каби тадбирлар, аввало, ёшларни ватанпарварлик, буюк аждодларимизга муносиб авлод қилиб тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат, илм-фанга муҳаббат каби сифатларни шакллантириш, уларнинг дунёқарашини янада кенгайтириш, маънавий етук баркамол авлодни вояга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.