Қуёш тутилиши сабабли Европада меҳмонхона нархи кескин қимматлашди
Европанинг кўплаб шаҳарларида 12 август куни кутилаётган тўлиқ қуёш тутилиши асносида меҳмонхонада тунаш нархи сезиларли даражада кўтарилди.
Ушбу ноёб табиат ҳодисасини юз минглаб сайёҳ ўз кўзи билан кузатишни ният қилган. Энг кўп қимматлашиш Исландия пойтахти Рейкьявикда кузатилиб, тутилиш кечаси учун ўртача суткалик яшаш қиймати 793 долларни ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 98 фоиз юқори.
Тутилишни томоша қилиш учун энг қулай ҳудуд сифатида баҳоланаётган Испанияга ҳам сайёҳ оқими кескин ортган. Мамлакат Молия вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, ўша кунлари ҳудудга 460 000 атрофида қўшимча хорижий сайёҳ келиши кутиляпти.
Масалан, меҳмонхона нархи Ла-Корунья шаҳрида ўтган йилга қараганда 135 фоиз қимматлаб, ўртача 451 долларга етган, Бильбаода 67, Сантьяго-де-Компостелада 34, Мальоркада эса 24 фоизлик ўсиш туфайли бир кеча учун тахминан 448 долларни ташкил қилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА