Қувур ортидаги масъулият
Халқимизда “инсондан яхши ном қолади” деган пурмаъно нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Чунки инсон умри ўткинчи бўлса-да, унинг эл-юрт учун қилган эзгу ишлари, ҳалол меҳнати ва одамларга қилган яхшиликлари қалбларда узоқ яшайди. Яхши инсоннинг номи ҳурмат билан тилга олинади, унинг ҳаёт йўли эса келажак авлод учун ибрат мактабига айланади. Шу боис халқимиз азалдан яхши ном орттиришни энг катта бойлик, энг юксак қадриятлардан бири деб билган.
Мирзаободлик Ботирали Ҳошимов ана шундай инсонлардан. Уни нафақат Мирзаобод туманида, балки “Ҳудудгаз Сирдарё” филиали тизимида меҳнат қилаётганлар тажрибали пайвандчи, моҳир уста ва ўз касбини сидқидилдан севувчи инсон сифатида яхши танишади. Кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида у ўзининг масъулияти, меҳнатсеварлиги ва халқ хизматига садоқати билан ҳамкасблари орасида катта ҳурмат қозонган.
Қаҳрамонимиз туман газ таъминоти бўлимида фаолият юритаётганига бу йил 27 йил тўлди. Меҳнат фаолиятини оддий ишчи сифатида бошлаган Ботирали вақт ўтиши билан устозларидан ўрганиб, изланиб, ўз меҳнати ва интилиши орқали тажрибали пайвандчи, ҳурматли устоз даражасига етди. Бугун у нафақат ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган мутахассис, балки ёшларга касб сирларини ўргатаётган тажрибали устоз сифатида ҳам эътироф этилади.

— Бу даражага осонлик билан эришилмайди. Турли ўлчамдаги газ қувурларини пайвандлашни ҳамма ҳам уддалай олади, деб ўйлаш мумкин. Аслида эса бу катта масъулият талаб қиладиган касб. Пайвандчи нафақат тажриба ва билимга, балки юксак аниқликка ҳам эга бўлиши керак. Чунки битта хато катта муаммога сабаб бўлиши мумкин. Энг муҳими, инсон ҳаёти ва хавфсизлиги масаласи турибди. Буни чуқур англаган инсонгина ҳақиқий устага айланади. Мен бу ўгитларни устозларимдан кўп эшитганман ва доимо амал қилишга ҳаракат қилганман, — дейди Ботирали Ҳошимов.
Дарҳақиқат, газ соҳасида меҳнат қилиш нафақат жисмоний чидам, балки катта ирода ва масъулиятни ҳам талаб этади. Қаҳратон совуқда ҳам, жазирама иссиқда ҳам, тун ёки кун демай, аҳоли манфаати учун хизмат қилиш осон эмас.
Айниқса, ер ости газ қувурларидаги таъмирлаш ишлари нам ва зах шароитда амалга оширилиши бу касбнинг нақадар машаққатли эканини кўрсатади.
Йиллар давомида Ботирали нафақат ўз малакасини оширди, балки кўплаб ёшларга ҳам касб сирларини ўргатди.
Устозлардан олган билим ва тажрибасини шогирдларига сидқидилдан етказиб, уларнинг етук мутахассис бўлиб камол топишига ҳисса қўшмоқда.
– Пайвандчилик матонат ва сабр талаб қиладиган касб. Бу ерда ҳар бир ҳаракат аниқликни талаб этади. Қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси, ёмғир ёки қор — барибир хизмат вазифасини бажаришга тўғри келади. Лекин халқ хизматида бўлиш инсонга куч ва илҳом беради. Одамларнинг дуоси барча чарчоқни унуттиради, – дейди тажрибали пайвандчи.
Унинг меҳнат фаолиятида унутилмас воқеалар кўп. Айниқса, қаҳратон қиш кечаларидан бири ҳалигача ёдида.
Тунги соат учлар атрофида Оқолтин маҳалласида газ қувурида носозлик юзага келгани ҳақида хабар келади. Совуқ авжига чиққан, аҳоли эса газсиз қолиш хавфи остида эди. Ботирали ака вақтни бой бермасдан ҳамкасблари билан воқеа жойига етиб боради. Қаттиқ совуқ ва қийин шароитга қарамай, бир неча соат давом этган таъмирлаш ишларидан сўнг тонгга яқин табиий газ таъминоти қайта тикланади.
– Иш тугагач, одамларнинг “Барака топинглар, раҳмат сизларга” деган дуоларини эшитиб, барча чарчоқларим унутилган. Ана шундай пайтларда меҳнатинг қадрини янада теран ҳис қиласан. “Яхшиям шу касбни танлаган эканман” деб ўйлаб кетаман, – дейди у мамнуният билан.
Ботиралининг таъкидлашича, инсон учун энг катта бойлик — ҳалол меҳнат ортидан топилган ризқ ва эл ҳурмати. У фарзандларини ҳам ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва масъулият руҳида тарбиялаб, уларнинг камолидан фахрланиб яшамоқда.
Қаҳрамонимиз ишдан бўш вақтларини ҳам самарали ўтказади. У ўз томорқасида ташкил этган иссиқхонада бодринг, помидор ва лимон етиштириб, оиласи ва бозор расталарига барака улашмоқда. Бу эса унинг меҳнатдан қочмайдиган, тиришқоқ ва заҳматкаш инсон эканини яна бир бор намоён этади.
Бугун Ботирали Ҳошимов каби фидойи инсонлар юрт тараққиёти, халқ фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб, ёшларга ибрат бўлиб келмоқда. Улар ўз касбига садоқати, ҳалоллиги ва юксак масъулияти билан жамиятда алоҳида ҳурмат қозонаётган ҳақиқий меҳнат фидойиларидир. Чунки ҳар бир хонадонга етиб бораётган иссиқлик ва қулайлик ортида ана шундай инсонларнинг машаққатли меҳнати, масъулияти ва халққа бўлган садоқати мужассам.
Ғулом Примов, ЎзА