Қувонч, завқ, гўзаллик ва ибрат маскани
27 март – Халқаро театр куни
Ҳаётни тобора реал кўришимизда, турли муаммоларга борича назар ташлашда театр санъатининг ўрни беқиёс.
Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида театр санъатига эътиборни кучайтириш, давлат тасарруфидаги театр биноларини тубдан реконструкция қилиш, уларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан театр соҳаси фидойилари доимий фаол қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Уларнинг самарали ижод қилиши учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Ижодий жамоаларнинг турли хорижий давлатларга сафарлар уюштириши борасида мисли кўрилмаган имкониятлар эшиги очилди. Бу эса Ўзбекистон театр санъатини жаҳонга янада кенгроқ намойиш этиш, дунё театрларида кечаётган ижодий жараёнлар билан ҳамқадам бўлиш, ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши йўлида муҳим қадам бўлди.
Театрларга қаратилаётган эътибор натижасида саҳна санъатига томошабинларни тобора кўпроқ жалб этиш учун янги имкониятлар пайдо бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Театр томошалари ҳафталиги” юртимиз давлат театрларининг энг сара спектакллари билан санъат мухлисларининг кенгроқ танишиши учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Истардикки, театр заллари наинки шундай ҳафталикларда, балки ҳамиша томошабинлар билан гавжум бўлса!
Бугунги кунда театр санъатининг фидойилари мамлакатимизда ўтказилаётган турли байрамлар, олис ва чекка ҳудудларда ташкил этилаётган “Маънавият фестиваллари”да фаол иштирок этмоқда. Юртимиздаги кенг кўламли янгиланишлар, шиддатли ислоҳотлар жараёни, ибратли маънавий-ўзгаришларни тарғиб ва ташвиқ этишда ёзувчи ва шоирлар, олимлар, маънавият тарғиботчилари билан бирга театр ижодкорлари ҳам муносиб ҳисса қўшаётгани эътиборга молик.
Халқаро театр куни – бу наинки санъаткорлар ёки театр раҳбарлари, балки шу соҳанинг барча йўналишларида фидокорона меҳнат қилаётган инсонлар – мусиқачилар, дирижёрлар, режиссёрлар, саҳна ишчилари, чироқ усталари, рассомлар, либос усталари, турли декорация цехларида фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг, театрни яхши кўрадиган барча-барча инсонларнинг ҳам байрами. Зеро, саҳна санъати қалбларимизга завқ, ҳаяжон, қувонч, ҳузур ва ҳаловат, гўзаллик ва нафосат, ўзни кўзгуда кўриш бахтини, баъзан эса яхши маънодаги изтиробларни олиб келаверсин!
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири