Қувайтнинг “Ал-Амал” халқаро хайрия ташкилоти шифокорлари Оролбўйида
Жорий йил 23-29 октябрь кунлари Қувайт давлатининг “Ал-Амал” (“HOPE”) халқаро хайрия ташкилоти томонидан Нукус шаҳрида тиббий-гуманитар миссия ташкил этилмоқда.
Миссия доирасида 40 нафарга яқин малакали хорижий шифокор иштирокида Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, юқори технологик жарроҳлик амалиётига эҳтиёжи бўлган 300 нафарга яқин бола, аёллар ҳамда эркакларга бепул тиббий ва жарроҳлик ёрдами кўрсатиш режалаштирилган.

Жарроҳлик амалиётлари республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон филиали, республика кўп тармоқли тиббиёт маркази, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали каби тиббиёт муассасаларида амалга оширилади. Ушбу муассасаларда беморларга умумий жарроҳлик, туғма нуқсонлар хирургияси, катталар ортопедик жарроҳлиги, юрак катетеризацияси, гинекологик онкология, офталмологик жарроҳлик йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади.

Белгиланган тиббиёт муассасаларида жарроҳлик амалиётларини сифатли ва самарали ташкил этиш учун зарур шароитлар яратилган.

Ушбу халқаро хайрия миссияси Оролбўйи минтақасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларга юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Қувайт шифокорлари томонидан жарроҳлик амалиётлари бошлаб юборилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири