Қувасойда мебель ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилмоқда (+видео)
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида фаолият юритаётган “I DECO” мебель ишлаб чиқариш корхонасида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
2014 йилда кичик цех сифатида фаолият бошлаган корхона кейинчалик Қувасой шаҳридаги “Бунёдкор” ёшлар кичик саноат зонасида янги ишлаб чиқариш майдонини ташкил этиб, фаолиятини босқичма-босқич кенгайтирди.
Айни пайтда корхонада 60 нафардан ортиқ мутахассис меҳнат қилмоқда. Бу ерда устоз-шогирд анъаналари асосида ёшларга касб-ҳунар ўргатилиб, замонавий дизайндаги юмшоқ мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Корхона маҳсулотлари республика бўйлаб 300 дан ортиқ савдо тармоғи орқали сотувга чиқарилмоқда. Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Фарғона вилоятида расмий шоу-румлар фаолият юритмоқда. Келгусида мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам фирмавий савдо нуқталарини ташкил этиш режалаштирилган.
Корхонада 2027 йилгача мебель ишлаб чиқаришнинг тўлиқ кластер тизимини шакллантириш мақсад қилинган. Шу муносабат билан янги ишлаб чиқариш цехлари қурилмоқда, Хитой ва Туркиядан замонавий технологик жиҳозлар келтирилмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга ошгач, ишчилар сони қарийб 200 нафарга етиши кутилмоқда.
[gallery-30552]
Корхона раҳбариятига кўра, маҳсулотларнинг бир қисми ташқи бозорларга экспорт қилинмоқда. Айниқса, қўшни давлатлар билан савдо алоқаларини кенгайтириш, жумладан, Афғонистон ва Тожикистон бозорларида иштирокни ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда корхонанинг ойлик ишлаб чиқариш ҳажми ўртача 6–7 миллиард сўм, йиллик айланмаси эса 65–70 миллиард сўмни ташкил этади. Экспорт маҳсулотлари умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10–20 фоизига тўғри келади.
<iframe width="830" height="467" src="https://www.youtube.com/embed/Jbq8Sb21FuM" title="Quvasoyda mebel ishlab chiqarish quvvatlari kengaytirilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат, видео), ЎзА