Қувадаги туризм мажмуаси – мамлакат сайёҳлик салоҳиятининг яна бир намунаси (+видео)
Фарғона вилояти Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори атрофида барпо этилаётган янги туризм мажмуаси бугун нафақат водий, балки мамлакатимиз туризм салоҳиятининг янги тимсолига айланмоқда.
Айни кунларда бу ҳудуд ёзги дам олиш, экотуризм ва фаол ҳордиқ чиқаришни истовчилар учун энг жозибадор манзиллардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Энг муҳими, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 1 апрелда қабул қилинган қарори асосида бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Қиймати 635 миллиард сўмлик замонавий туризм мажмуаси босқичма-босқич шакллантирилар экан, ҳудудда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда.
Бу каби лойиҳалар юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, энг муҳими, одамлар даромади ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Президент Шавкат Мирзиёев мазкур мажмуага ташрифи чоғида ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишган эди. Давлат раҳбари мутасаддилар олдига туризм ва сервис соҳаларини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий ва қулай шароитлар яратиш, аҳоли манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича муҳим вазифаларни қўйган эди.
Бугун “Каркидон”да кечаётган ўзгаришлар ана шу топшириқлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини яққол намоён этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов ЎзА мухбирига берган интервьюсида Фарғона вилоятида туризм соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, “Каркидон” мажмуасининг ноёб имкониятлари ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил сўз юритди.
Қайд этилганидек, 508 гектар майдонни эгаллаган мажмуа агротуризм, экотуризм ва экстремал туризм йўналишларини ўзида мужассам этган. 45 та шале, 57 та замонавий меҳмон уйи, агротуризм мажмуаси, гуллар боғи, лавандазор, экобозор, сокин дам олиш ҳудудлари ҳамда ресторанлар ташкил этилгани ҳудуднинг туризм харитасидаги аҳамиятини янада оширмоқда.
Эътиборлиси, “Каркидон”да яратилаётган имкониятлар нафақат сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам янги иш ўринлари, даромад манбаи ва тадбиркорлик имкониятларини яратмоқда. Бу эса Президент белгилаб берган “инсон қадри учун” тамойили амалда ўз ифодасини топаётганининг яна бир тасдиғидир.
– Бу лойиҳалар аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли, – деди А.Аққулов. – Агар эътибор берган бўлсангиз, охирги йилларда Ўзбекистон аҳолисининг хорижга саёҳат қилиши одатий ҳолга айланиб боряпти. Кўпчилик ривожланган давлатлар мамлакат ҳудудида, ичкарида дам олиш учун барча шароитларни яратишга интилади. Биз ҳам шунга алоҳида аҳамият қаратяпмиз. Хорижда олинаётган хизматларни Ўзбекистонда таъминлайдиган бўлсак, хорижга чиқиб кетаётган маблағлар Ўзбекистонда қолади. 2026 йилнинг ўзида ҳудудда кўплаб объектлар ишга тушади. Якуний босқич 2027 йилда якунланади.
Туризм қўмитаси раиси сув ҳар доим одамларни саёҳатга, дам олишга ундайдиган асосий воситалардан бири ҳисобланишини қайд этди. Шунинг учун биз юртдошларимиз хориждаги денгиз бўйларига ва бошқа ҳудудларга сафар қилиш сабабини тушунамиз. Ушбу масканда ҳам энди шундай имконият бўлади. Қолаверса, икки-уч йилдан кейин бу боғлардаги мевалар ҳосилга киргандан кейин, аҳоли ташриф буюради.
Интервьюни ЎзАнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали томоша қилишингиз мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RkEW1tPvttM" title="Quvadagi turizm majmuasi – mamlakat sayyohlik salohiyatining yana bir namunasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз Худойбердиев, Искандар Исматов (видео), ЎзА мухбирлари