Пойтахтимизда "Uzbekistan Airports" АЖ Бошқарув раиси кубоги учун аэропортлар ходимлари ўртасида ёнғинга қарши кураш мусобақалари бўлиб ўтди.
"Uzbekistan Airports" АЖдан олинган маълумотларга кўра, мамлакатимизнинг турли вилоятлари аэропорт парвозлар қидируви ва авария-қутқарув таъминоти хизматлари ходимлари ўз ишининг устаси мақоми учун куч синашди.
Юртимизнинг ўнта аэропорти жамоалари умумжамоа ҳисобида беллашди. Спортчилар 100 метрлик тўсиқлар йўлагидан ўтиш, ўқув минораси қаватларига ҳужум нарвонларини кўтариш, ўт ўчириш эстафетаси ҳамда жанговар жойлашиш каби шартлар бўйича мусобақалашди.

«Ушбу мусобақа нафақат анъана, балки авиация соҳасида хавфсизликнинг аҳамиятини белгиловчи корпоратив маданиятнинг муҳим бир қисмидир. Унда барча иштирокчилар ўз ишининг устаси эканини намоён қилди. Ҳар йили йигитлар кўплаб йўналишлар бўйича рекорд ўрнатади ва буни кузатиш жуда қизиқ. Ходимлар йил сайин янада чаққон, кучли, сабрли, тажрибали бўлиш учун ўз устида ишлайди. Чунки фавқулодда вазиятлар пайтида воқеалар ривожи уларнинг маҳорати, ҳаракати ва уюшқоқлик билан ишлашига боғлиқ», — дейди Uzbekistan Airports АЖ парвозлар қидирув ва авария-қутқарувини таъминлаш бўлими бошлиғи Қаҳрамон Расулов.

Мусобақа якунига кўра, «Навоий» халқаро аэропорти жамоаси биринчи, «Тошкент» халқаро аэропорти ходимлари иккинчи, «Урганч» халқаро аэропорти қутқарувчилари эса учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар кубок ва медаллар, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА