Қурилишга рухсат олишда нима ўзгарди?
+видео
Қурилиш соҳасида ҳар бир янги объект ортида нафақат бунёдкорлик, балки қатор маъмурий жараёнлар ҳам туради. Лойиҳани тайёрлаш, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, экспертизадан ўтказиш ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун тегишли рухсатларни олиш шулар жумласидандир. Бу жараёнда ҳужжатлардаги айрим камчиликлар сабаб аризаларнинг рад этилиши эса фуқаролар ва тадбиркорларда турли саволларни келтириб чиқаради.
Хўш, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун берилган аризалар нима сабабдан рад этилади? Энг муҳими, бундай ҳолатларда ариза берувчининг вақти ва маблағини тежаш учун қандай имкониятлар яратилмоқда?
Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектга рухсатнома бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган Маъмурий регламент асосида амалга оширилади.
Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда тақдим этилади. Улар ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясига юборилади. Инспекция аризани белгиланган муддатда кўриб чиқиб, ижобий қарор қабул қилади ёки қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, рад этади.
Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, аризанинг рад этилиши субъектив муносабат ёки шахсий қарашларга эмас, балки ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва белгиланган талабларга мувофиқлигига боғлиқ. Жумладан, қурилиш лабораторияси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмагани, техник, муаллифлик ёки ички назорат учун масъул шахсларни тайинлашга оид буйруқ ва шартномаларнинг мавжуд эмаслиги, мутахассисларнинг амал қилувчи сертификатлари юкланмагани шундай сабаблар қаторига киради. Шунингдек, сўровномага нотўғри маълумот киритилиши, шаҳарсозлик кенгаши ёки экспертизанинг ижобий хулосаси мавжуд эмаслиги ёки мазкур ҳужжатларнинг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига киритилмагани ҳам аризанинг рад этилишига сабаб бўлиши мумкин.
Илгариги тартибда нима муаммо эди?
– Аввалги амалиётда ариза рад этилганидан кейин камчиликларни бартараф этган фуқаро ёки тадбиркор бутун жараённи қайтадан бошлаши, янги ариза топширишига тўғри келарди, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси бўлим бошлиғи Улуғбек Жўрақулов. – Бир қарашда оддийдек кўринган бу жараён амалда ортиқча вақт ва харажат талаб қиларди. Ҳужжатларни қайта тайёрлаш, аризани қайта топшириш ва унинг яна кўриб чиқилишини кутиш қурилиш ишларининг бошланиш муддатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин эди. Бугун эса мазкур жараённи рақамлаштириш орқали ушбу муаммони камайтиришга қаратилган янги имкониятлар жорий этилмоқда. Энди аризани қайта таҳрирлаш мумкин. Янги механизмнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — ариза берувчига камчиликларни тузатиш имконияти берилаётганидир. Аввало, автоматик текширув тизими ариза юбориш жараёнининг ўзида ҳужжатларни таҳлил қилади. Камчилик аниқланса, ариза инспекцияга етиб бормасидан олдин ариза берувчи бу ҳақда хабардор қилинади. Бу эса хатоларни олдиндан бартараф этиш ва рад этилиши мумкин бўлган аризалар сонини камайтиришга хизмат қилади.
Айрим ҳолларда эса ҳужжатлар мавжуд бўлса-да, улар белгиланган талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги мумкин. Масалан, қурилиш лабораториясига оид ҳужжатлар талаб даражасида расмийлаштирилмаган, қурилишни ташкил этиш лойиҳаси ёки ишларни бажариш лойиҳаси тўлиқ шакллантирилмаган бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, буюртмачининг экспертиза хулосасини ижрога қабул қилиш буйруғи расмийлаштирилмагани, пудрат ёки лойиҳа ташкилотининг рейтинги талабга мос келмаслиги, реестр рақамлари ёки қурилиш қийматининг нотўғри киритилиши ҳам камчилик сифатида баҳоланади. Бундай ҳолатда ариза дарҳол рад этилмайди. Ҳудудий инспекция аризани қайта таҳрирлаш учун қайтаради ва камчиликларни бартараф этиш учун 10 кун муддат беради. Тузатилган ариза қайта юборилганидан сўнг инспекция уни яна белгиланган тартибда кўриб чиқади.
Қонунчиликка мувофиқ, ариза кўпи билан уч марта қайта таҳрирлашга юборилиши мумкин. Агар учинчи марта ҳам камчиликлар бартараф этилмаса, ариза рад этилади. Янги тартибнинг аҳамиятини фақат техник қулайлик билан изоҳлаш камлик қилади. У, аввало, давлат хизмати ва уни олувчи ўртасидаги муносабатларни соддалаштиришга хизмат қилади.
Эндиликда ҳар бир кичик хато сабабли бутун жараённи бошидан бошлаш талаб этилмайди. Ариза берувчига мавжуд аризанинг ўзида камчиликларни бартараф этиш имконияти берилаётгани ортиқча ҳужжатбозликни қисқартириш, вақт ва маблағни тежашга замин яратади.
Автоматик текширув эса яна бир муҳим вазифани бажаради — хатони унинг оқибати юзага келмасидан олдин аниқлаш имконини беради. Бу нафақат ариза берувчи учун, балки назорат органлари фаолияти самарадорлиги учун ҳам муҳим.
Қурилиш соҳасида рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши шаффофликни кучайтириш, инсон омилини камайтириш ва қарорларни белгиланган мезонлар асосида қабул қилиш имкониятларини кенгайтиради. Қурилиш соҳасида назорат механизмларининг мавжудлиги, аввало, инсон ҳаёти ва хавфсизлиги, объектларнинг сифатли барпо этилиши ҳамда шаҳарсозлик талабларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган. Шу нуқтаи назардан, аризани рад этишнинг ўзи мақсад эмас. Асосий мақсад — қурилиш-монтаж ишларининг қонунчилик талаблари асосида ташкил этилишини таъминлаш.
[gallery-https://youtu.be/GzKIVjwieO8]
Янги рақамли имкониятлар эса бу жараёнда икки томонлама манфаатни таъминлайди: бир томондан, қонунийлик ва назорат талаблари сақланади, иккинчи томондан, фуқаро ва тадбиркорларга камчиликларни ўз вақтида бартараф этиб, ортиқча оворагарчиликсиз жараённи давом эттириш имконияти яратилади. Шундай қилиб, қурилиш соҳасидаги янги ёндашувни оддий маъмурий ўзгариш эмас, балки давлат хизматларини соддалаштириш, рақамлаштириш ва фуқаро ҳамда тадбиркорлар учун янада қулай муҳит яратишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА