Энергия — тараққиёт таянчи
Электр ва газ таъминоти маҳаллабай ўрганилмоқдаБугун тараққиётни энергия ресурсларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Хонадондаги осойишталикдан тортиб, ишлаб чиқариш корхонасининг узлуксиз фаолияти, мактаб ва шифохоналарнинг барқарор ишлашигача — барчасининг замирида ишончли электр ва газ таъминоти турибди. Шу боис энергетика тизимидаги ҳар бир узилиш, ҳар бир ортиқча сарф ёки эскирган тармоқ нафақат соҳанинг, балки ҳудуд иқтисодий тараққиётининг ҳам суръатига таъсир қилади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан кейинги йилларда энергетика соҳасида энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, тармоқларни модернизация қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳамда истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энергия тежамкорлиги энди оддий иқтисодий масала эмас, балки барқарор тараққиётнинг муҳим шарти сифатида қаралмоқда. Ана шу ёндашувнинг амалий ифодаларидан бири Бухоро вилоятининг Туркманистон Республикаси билан чегарадош энг чекка ҳудуди ҳисобланган Олот туманида намоён бўлмоқда.
Туманда электр ва табиий газ таъминотини яхшилаш, мавжуд муаммоларни манзилли аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида Янгийўл тумани тажрибаси асосида махсус штаб ташкил этилди. Республика, вилоят ва туман масъулларидан иборат 10 та ишчи гуруҳ шакллантирилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Энг муҳими, иш кабинетда эмас, бевосита аҳоли орасида ташкил этилмоқда.
Ишчи гуруҳлар томонидан тумандаги 35 та маҳаллада аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр ва табиий газга бўлган эҳтиёжи “маҳаллабай” ўрганилмоқда. Бу жараён оддий рўйхат тузиш билан чекланмаяпти. Ҳар бир ҳудуднинг мавжуд имконияти, истеъмол ҳажми, тармоқларнинг ҳолати ва келгусидаги эҳтиёжлари таҳлил қилиниб, шу асосда ойлик, чораклик ва йиллик энергия баланси шакллантирилмоқда. Бу — муаммони оқибатидан эмас, унинг илдизидан ҳал қилишга қаратилган ёндашув.
Дастлабки таҳлиллар Олот туманида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж салмоқли эканини кўрсатмоқда. Йил давомида туманда 25,3 миллион куб метр табиий газ истеъмол қилиниши прогноз қилинган. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида эса 12,9 миллион куб метр, яъни йиллик прогнознинг 51 фоизи истеъмол қилинган.


Электр энергияси бўйича ҳам шунга яқин манзара кузатилмоқда. Йиллик истеъмол ҳажми 919,5 миллион киловатт-соат этиб белгиланган бўлса, олти ойда 459,8 миллион киловатт-соат, яъни йиллик ҳажмнинг 51 фоизи сарфланган. Бу рақамлар, бир томондан, аҳоли ва иқтисодиётнинг энергияга бўлган эҳтиёжи юқори эканини кўрсатса, иккинчи томондан, мавжуд ресурслардан қанчалик тежамкор ва оқилона фойдаланиш зарурлигини англатади. Зеро, тежалган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси ёки куб метр газ — қўшимча ишлаб чиқариш, янги лойиҳа, аҳоли фаровонлиги учун йўналтирилиши мумкин бўлган ресурсдир.
Энергия таъминотининг барқарорлиги, аввало, унинг инфратузилмасига боғлиқ. Шу мақсадда жорий йилда Олот туманида 45 та трансформатор пункти ва 169,9 километр электр тармоғи, шунингдек, 4,1 километр газ тармоғи реконструкция қилинди. Бу ишлар ортида оддий рақамлар эмас, балки минглаб хонадонлар, тадбиркорлик субъектлари ва ижтимоий соҳа объектларининг барқарор фаолияти турибди. Айни пайтда газ қувурларини синовдан ўтказиш, ер ости газ қувурларининг ҳолатини текшириш, мавжуд тармоқларни тартибга келтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Йил якунига қадар яна 11 та трансформатор пункти, 33,5 километр электр тармоғи ва 3 метр газ тармоғини реконструкция қилиш режалаштирилган.
Шу ўринда муҳим жиҳат — реконструкция ишлари шунчаки эски тармоқни янгисига алмаштириш эмас. Бу, аввало, келгуси йилларда ортиб борадиган эҳтиёжни олдиндан ҳисобга олиб, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш демакдир. Энергия сарфини тартибга солишда мактаб, боғча, шифохона ва бошқа ижтимоий объектларнинг ўрни алоҳида. Айни пайтда Олот туманидаги 106 та ижтимоий соҳа объектининг энергия таъминоти ва сарфи ўрганилмоқда. Бу жараёндан кўзланган мақсад — ортиқча сарф-харажатларни аниқлаш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ижтимоий соҳа объектларини босқичма-босқич энергия самарадорлиги тизимига ўтказиш.
Аслида, бугунги кунда энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш — фақат маблағни тежаш эмас. Бу давлат бюджети маблағларидан оқилона фойдаланиш, экологик юкламани камайтириш ва келажак авлод учун ресурсларни асрашдир.
Олотдаги ўрганишлар фақат мавжуд муаммоларни бартараф этиш билан чекланмади. Республика ишчи гуруҳи томонидан “яшил энергетика” йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам кўздан кечирилди.


Жумладан, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан барпо этилган қуёш фотоэлектр станцияси ва электр энергиясини сақлаш тизими фаолияти билан танишилди.
“Қирлишон” массивида жойлашган ушбу лойиҳа қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, электр энергияси ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва экологик барқарорликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Қуёш нуридан электр олиш, уни сақлаш ва зарур пайтда истеъмолга йўналтириш — кечаги тасаввур эмас, бугунги энергетиканинг янги воқелиги. Олотда амалга оширилаётган бундай лойиҳалар эса ҳудуднинг келгуси энергетик қиёфасини белгилаб беради.
Олотдаги ўрганишлар давомида “Аму-Бухоро” ирригация тизимларини қайта тиклаш доирасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, “Аму-Бухоро–1” насос станциясида қиймати 82 миллион 960 минг АҚШ долларига тенг бўлган қурилиш ишлари тўлиқ якунланган.
Энг эътиборли жиҳат шундаки, иншоот синов тариқасида ишлаган даврнинг ўзида 75 миллион киловатт-соат электр энергиясини тежашга эришилган. Бу эса қарийб 80 миллиард сўм маблағни тежаш имконини берган. Бу рақамнинг ўзиёқ замонавий технология, тўғри ҳисоб-китоб ва энергия самарадорлиги қандай улкан иқтисодий натижа бериши мумкинлигини яққол кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари, мазкур иншоотнинг Бухоро ва Навоий вилоятларини сув билан таъминлашдаги аҳамияти ҳам беқиёс. Демак, бу ерда гап фақат электр энергиясини тежаш ҳақида эмас, балки сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги барқарорлиги ва бутун ҳудуд иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ муҳим инфратузилма ҳақида кетмоқда.
Олотда бошланган мазкур жараённинг энг муҳим жиҳати шундаки, энергетикага муносабат ўзгармоқда. Муаммони кутиш эмас, уни олдиндан кўриш; умумий рақамларга қараш эмас, ҳар бир маҳалланинг эҳтиёжини аниқ билиш; фақат истеъмолни ошириш эмас, балки тежамкорлик ва самарадорликка эришиш — бугунги кун талабидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг замирида ҳам ана шу мақсад — инсонлар учун муносиб шароит яратиш, иқтисодиёт тармоқларини ишончли энергия билан таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва “яшил” энергетика улушини ошириш ғояси мужассам. Олотдаги “маҳаллабай” ўрганишлар эса бу сиёсатнинг жойлардаги амалий кўринишидир.
Зеро, энергия — шунчаки ёруғлик ёки иссиқлик эмас. У ишлаб чиқариш, бунёдкорлик, фаровонлик ва тараққиёт ҳаракатини таъминлайдиган қувватдир. Бугун энергияни тежаган ҳудуд эртага маблағини тежайди, инфратузилмасини мустаҳкамлайди ва ўз келажагига сармоя киритади. Олотда бошланган ишлар эса ана шу узоқни кўзлаган ёндашувнинг ёрқин ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири