Жиноят ишлар бўйича бўйича Нукус шаҳар судида бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида республикада амалга оширилаётган қурилиш ишларида талон-тарожликка йўл қўйган корхона раҳбари, бош муҳандиси ва ходимлари, бир қатор пудратчи ташкилотлар раҳбарларидан иборат 19 нафар шахсга оид иш кўриб чиқилди.
Жумладан, М.А қурилиш компанияси филиали раҳбари лавозимида ишлаб юриб, собиқ бош муҳандиси А.А., техник назоратчиси Е.А. ва бошқа бир масъулияти чекланган жамиятда мастер лавозимида ишловчи К.К. ўзаро тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари талабларига мувофиқ 2 та қурилиш объектида қурилиш ишларини олиб борувчи субъектлар ўртасида қонуний талаблар асосида танлов ўтказмасдан, ўзларидан бири томонидан ташкил этилган ва бошқариб келаётган масъулияти чекланган жамиятини ғолиб, деб топиб, санаси кўрсатилмаган қалбаки танлов баённомасини тузиб, директор сифатида тасдиқлаб берган. Натижада Нукус шаҳрида ободонлаштириш ва автотураргоҳ қурилишини амалга ошириш бўйича умумий қиймати 355 миллион 600 минг сўмлик пудратчи билан шартнома тузилганидан фойдаланиб, объектда амалга оширилган қурилиш ишлари давомида жами 29,8 миллион сўмлик қурилиш ишларининг бажарилмаганини била туриб, маблағларни тўлаш ҳақидаги ҳисобот туздирган ва бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Бундан ташқари директор ўз лавозимидан фойдаланиб, бош муҳандис ва бошқа бир қатор мутахассислар билан биргаликда Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Амударё тумани “Гулзор” массивидаги кўп қаватли турар жойлар учун оқова сув тармоқларини қуриш учун филиал ва масъулияти чекланган жамияти ўртасида умумий қиймати 518 миллион 323 минг сўмлик пудрат шартномаси тузилган. Судланувчи ушбу объектда ҳам 235 миллион 223 минг 921 сўмлик бажарилмаган қурилиш ишларини қўшиб ёздириш натижасида бюджет маблағларининг талон-тарож этилишига йўл қўйган.
Шунингдек, Бўзатов туманидаги “Бозатаў” массивидаги кўп қаватли турар жойлар қурилишида, Тахиатош туманидаги “Орайлиқ” массивидаги, Нукус туманидаги “Ақманғит” массивидаги, Қораўзак туманидаги “Есим” массивидаги, Қўнғирот туманидаги “Қангли” массивидаги ва Кегайли туманидаги “Жузимбағ” массивидаги кўп қаватли турар жойлардаги қурилишлар белгиланган муддатларида битказилмаган бўлса ҳам, бажарилмаган қурилиш-монтаж ишлари қўшиб ёзилиб, бюджет маблағлари талон-торож қилинишига йўл қўйган.
Бундан ташқари, қурилиш компанияси филиалининг раҳбари бош пудратчи масъулияти чекланган жамиятларининг бирига намунали лойиҳалар асосида турар жой қурилиши бўйича 2020 йилнинг 31 декабрига қадар қайтариб бериш шарти билан 1 миллиард сўм молиявий ёрдам бериш бўйича шартнома тузилиб, шундан жамият ҳисобига 622 миллион 200 минг сўм маблағ ўтказиб берилган бўлса ҳам, шу кунга қадар қайтариш чоралари кўрилмаган. Шунингдек, филиал раҳбари омборхона бошқарувчиси билан тил бириктириб аҳолига қурилаётган арзон уй-жойлар олиб келинган кўп миқдордаги қурилиш материалларини талон-торож қилинишига йўл қўйган. Филиал ва унинг 20 та хўжалик юритувчи субъектига молиявий ёрдам бериш ҳақида шартнома талаби бажарилмасдан, маблағларни қайтариш чоралари кўрилмасдан, жами 7 миллиард 856 миллион 710 минг сўм кўп миқдордаги зарар етказилишига йўл қўйган.
Суд мажлиси давомида филиалнинг собиқ бош муҳандиси, техник назоратчиси, бир қатор масъулияти чекланган жамиятлари раҳбарларининг қурилиш ишлари учун ажратилган бюджет маблағларини талон-торож қилиш, бажарилмаган қурилиш-монтаж ишларини қўшиб ёзиш ва бошқа жиноий ишлари қайд этилди.
Судда филиал раҳбари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор, деб топилиб, 3 йил муддатга давлат корхоналари ва бошқа ташкилотларда ташкилий-бошқарув лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан айрилди, 6 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини олди. Шунингдек, жиноят ишининг бошқа иштирокчилари ҳам тегишли жазоларини олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА