Қурилишда янги ечим: сут қутисидан том қопламаси ишлаб чиқарилмоқда
Бразилияда чиқиндига ташланган сут қутисини қайта ишлаш орқали қурилиш учун экологик ва мустаҳкам том қопламаси ишлаб чиқарилмоқда.
Бундай қутидан қоғоз толаси ажратиб олингач, қолган елим ва алюминий аралашмаси – полиалюминий юқори ҳарорат ва босимда қайта ишланади.
Натижада том учун мўлжалланган мустаҳкам гофрланган панель ҳосил бўлади.
Янги материал фиброцемент ва керамик черепицага муқобил тарзда қўлланмоқда. Алюминий қатлами қуёш нурини қайтариб, бино ичидаги ҳароратни пасайтиради.
Панелнинг асосий афзаллиги – енгиллиги. Бу устунлик ташиш ва ўрнатишни осонлаштиради.
Ишлаб чиқарувчилар маълумотига кўра, ҳар квадрат метрга тахминан 150 килограмм юк кўтарадиган панель дўл зарбасига чидамли, синиш, букилиш ва сув ўтказишга нисбатан барқарор.
Махсус рўйхатдан ўтган университетлар тадқиқотида ҳам ушбу қайта ишланган материал иссиқлик изоляцияси анъанавий керамик черепицаникига яқинлиги қайд этилган.
Ушбу технологиянинг яна бир муҳим жиҳати маиший чиқиндини қимматли саноат маҳсулотига айланишидир.
Бразилияда ҳар йили юз минглаб тонна картон қадоқ қайта ишланиб, том қопламаси, панель ва мебель ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Энди эса истеъмолдан кейин чиқиндига ташлаб келинган елим ва алюминий қайта муомалага киритилмоқда. Айни ёндашув иқтисодиётни ривожлантириш, чиқинди ҳажмини камайтириш ва қурилишда экологик материалдан янада кенгроқ фойдаланиш учун истиқболли ечим сифатида баҳоланмоқда.
Нодира Кайимова, ЎзА