Қурилишда рақамлаштириш – доимий эътиборда
Ахборот коммуникация технологиялари жадал ривожланаётган XXI асрда ҳеч бир соҳани замонавий техника воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Айниқса, бу мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган қурилиш тармоғида ҳам тобора равнақ топмоқда.
Наманган вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан соҳа вакиллари, ички назорат мутахассислари ҳамда қурилиш жараёни иштирокчилари учун ташкилланган ўқув-семинар электрон ижро ҳужжатларини юритишга бағишланди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 4 июндаги “Қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувни жорий этиш ҳамда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган талаблар, шунингдек, қурилиш объектларида ижро ҳужжатларини электрон шаклда юритиш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.

Наманган шаҳри, Янги Наманган ва Давлатобод туманларида фаолият юритаётган қурилиш мутасаддилари иштирок этган мазкур тадбир давомида nazorat.mc.uz электрон платформасининг имкониятлари ҳам намойиш этилди.

Жумладан, кириш назорати, бетон ишлари, умумий иш юритиш журналлари ва ёпиқ ишлар далолатномаларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби амалий мисоллар асосида кўрсатиб берилди.

Дарҳақиқат, электрон тизимдан фойдаланиш ҳужжатларни юритиш жараёнини сезиларли даражада соддалаштиради. Шунинг асносида, қурилиш ишларининг шаффофлиги ва объектлар устидан назорат самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА