Жиззах шаҳрида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Янги бинолар, йўллар, турли иншоотларнинг қурилиши шубҳасиз, ҳудуд тараққиётига хизмат қилади. Аммо ҳар қандай ривожланиш, энг аввало, аҳоли манфаати ва хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда олиб борилиши керак.
Жиззах шаҳридаги Байналмилал ва Сайилжойи кўчалари кесишмасида пиёдалар хавфсизлигини ўйламай қурилиш олиб борилмоқда. Гап шундаки, ушбу ҳудудда фаолият юритиб келган хусусий чойхона бошқа бир тадбиркор томонидан сотиб олинган. Чойхона ўрнида янги бино қурилиши бошланган. Бу жуда яхши, албатта. Лекин айнан шу ердаги пиёдалар йўлаги тўсилган. Бу ердан асосан “Совунгарлик”, “Зиёкор”, “Сўғдиёна” маҳалла фуқаролар йиғинларидан келаётган пиёдалар ҳаракатланади. Қурилиш объекти атрофи ўраб олиниши натижасида ариқ устидан пиёдалар ўтишига мўлжаллаб қурилган кўприк ёпиб қўйилган. Аҳоли автомобил йўли томонга чиқиб ўтишга мажбур бўлмоқда. Бу эса ҳар куни бу ердан ўтадиган юзлаб фуқаролар, жумладан болалар, кексалар ва ногиронлар учун катта хавф туғдирмоқда.
Айни вақтда, ушбу Байналмилал кўчасининг бир томонида жойлашган Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида 2025–2026 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига қабул бўйича тест синовлари ўтказилаётгани муносабати билан ушбу кўчанинг ҳар икки томони бетон тўсиқлар билан ёпиб қўйилган. Бу аҳоли учун яна бир ноқулайликни келтириб чиқармоқда.

Эрталаб ва тушдан кейин ўтадиган тест синовлари туфайли Байналмилал кўчаси бўйлаб Президент мактаби олдидан Сайилжойи кўчаси кесишмасигача бўлган масофа бетон тўсиқлар билан ёпиб қўйилган.
– Бетон тўсиқлар ўрнига темир панжаралар қўйиб, фақатгина синовлар вақтида вақтинчалик ёпиш мумкин эди, — дейди йўловчилардан бири, меҳнат фахрийси Нигора Исмоилова. – Масалан, эрталабки тест учун соат 5:30 дан 9:30 гача, тушликда кейинги тестлар учун 13:30 дан синов тугагунга, тахминан 19:30 га қадар йўл вақтинча беркитилиб, сўнгра очилса, аҳоли ҳам қийналмасди, хавфсизлик ҳам таъминланарди.
Ҳақиқатдан ҳам, абитуриентлар ва уларнинг яқинлари – ота-оналар, қариндошлар — бутун кунни ушбу ҳудудда ўтказмоқда. Улар учун эса транспорт ҳаракати ёпилиши, йўллар узилиши, пиёдалар йўлагидаги тўсиқлар жуда катта ноқулайлик туғдирмоқда. Яна бир гап. Ана шу бетон билан тўсилган ҳудудда Президент мактаби, тест синовлари ўтаётган Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, савдо мажмуаси, оилавий поликлиника, “Хумо” ва стоматология клиникалари, меҳмонхона ҳамда аҳоли турар жойлари жойлашган. Худо кўрсатмасин, уларнинг бирортасида фавқулодда ҳолат юз бериб қолгудек бўлса, у ерга ўт ўчириш бригадаси ёки бошқа ёрдам қандай кириб боради? Бир хавфсизлик ҳақида ўйланибдию, унданда қўрқинчлироқ хавф туғилиб қолганида нима қилиш мумкинлиги ҳақида кимдир жиддийроқ ўйлаб кўрса яхши бўларди.
Яқингинада, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамоат хавфсизлиги, пиёдалар учун шароит яратиш, йўлларга тўсиқлар қўйиш билан боғлиқ муаммолар қатъий танқид қилинган ва мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилган эди.
Лекин бизнингча, бугун Жиззахдаги ушбу ҳолат давлат раҳбарининг кўрсатмаларига зид равишда давом этаётганга ўхшайди. Бундай ноқулайликлар учун масъулият кимнинг зиммасида. Бунга ким жавоб беради Жиззах шаҳар ҳокимлигими?
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасими?
Қурилишга рухсат берган идора раҳбарларими?
Бу саволлар ҳозирча жавобсиз. Аммо жавобсиз қолмаслиги шарт. Чунки сўз инсон ҳаёти – пиёданинг қолаверса, давлат ва хусусий мулкнинг хавфсизлиги ҳақида кетяпти. Ҳар бир кечикиш фақат ноқулайлик эмас, балки фалокатга ҳам олиб келиши мумкин.
Мухтасар қилиб айтганда, қурилиш ва бунёдкорлик ҳар қандай жамиятнинг юксалиш белгисидир. Лекин у фақат одамлар ҳаёти, эркинлиги ва хавфсизлиги, қолаверса миллиардлаб сўм сарфланган объектларнинг хавфсизлиги таъминланган ҳолдагина ҳақиқий тараққиётга айланади. Жиззахдаги ушбу вазият бу мезонларга мос тушмаётганга ўхшайди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари