Қурилиш тўхтатилди, тарихий мозаика сақлаб қолинди
Маданий мерос — миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғлаб турувчи бебаҳо қадрият. Уни асраш эса ҳар биримиздан масъулият ва эътибор талаб қилади.
Мамлакатимизда моддий маданий мерос объектларини асраш ва уларни келажак авлодларга етказиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ, юртимиздаги мозаика ва мозаика композициялари моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилиб, давлат муҳофазасига олинган.

Хусусан, пойтахтимизнинг Яккасарой тумани Миробод кўчаси 6–12-уй манзилида жойлашган ХХ асрнинг иккинчи ярмига оид мозаика композицияси қурилиш ишлари таъсирида зарар кўриш хавфи остида қолган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги ҳамда ҳудуд аҳолиси томонидан тегишли чоралар кўрилиб, объектни сақлаб қолиш бўйича амалий ишлар олиб борилди. Маданий мерос агентлиги томонидан кўрилган тезкор ва қатъий чоралар натижасида мазкур мозаика композициясининг тарихий, эстетик ҳамда ижтимоий-маданий қиммати сақлаб қолинди.

Шунингдек, Тошкент туманлараро маъмурий суди ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий суди қарорларига мувофиқ ҳудудда қурилиш ишларини амалга ошириш учун берилган рухсатнома бекор қилиниб, қонун устуворлиги таъминланди. Қуйидаги ҳолат моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида жамоатчилик ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим натижа бераётганининг яна бир амалий мисоли бўлди.
Агентлик томонидан тарихий объектларни асраш, уларнинг асл қиёфасини сақлаб қолиш ҳамда маданий меросга ҳурмат билан муносабатда бўлиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА