Қурилиш соҳасини ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш, давлат назорати тизимини такомиллаштириш, соҳа рақобатбардошлигини ошириш, сифат ва хавфсизликни таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифасидир.
Ушбу йўналишда Қурилиш вазирлиги тизимида қандай ишлар амалга оширилаяпти?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Қурилиш соҳасини техник тартибга солиш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусидаги семинарда бу борадаги ишлар, соҳадаги мавжуд муаммолар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, “2020-2023 йилларда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида техник жиҳатдан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш Дастури” тасдиқланиб, ушбу Дастурга асосан жами 263 та норматив ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиши белгиланган. Бу борада 2020 йилда 55, 2021 йилда 65 та нормативлар қайта ишлаб чиқилган бўлса, 2022 йилда 57 та нормативларни қайта ишлаб чиқиш режалаштирилаётир.
Шунингдек, “2019-2021 йилларда техник регламентларни ишлаб чиқиш Дастури”га мувофиқ Қурилиш вазирлиги томонидан 2019 йилда битта, 2020 йилда 2 та махсус техник регламентлар, 2021 йилда 5 та умумий техник регламентлар ишлаб чиқилгани айтиб ўтилди. Биноларнинг энергия тежамкорлиги, санузеллар, вело-йўлаклар, йўл чорраҳалари бўйича намунавий лойиҳалар ва норматив талаблар ишлаб чиқилган.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенгайди. Айниқса, кўп қаватли уйлар қурилиб, аҳолининг энг муҳим талаби қондирилмоқда. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 161-банди қурилиш соҳасини техник тартибга солишга оид бўлиб, унинг ижросини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётир.
Семинарда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тартибларини такомиллаштириш, соҳада маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, қурилиш ишлари сифатини ошириш, шаҳарсозлик фаолиятини рақамлаштириш, соҳани малакали мутахассислар билан тўлдириш бўйича бир қатор таклифлар берилди.
Таклиф ва мунозараларга бой бўлган тадбирда соҳада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова, ЎзА