Қурилиш соҳасидаги муаммолар бўйича очиқ мулоқот
Хоразм вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясида Хоразм вилоят судлари ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда амалий ечим топишга кўмаклашиш мақсадида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда вилоят маъмурий суди раиси, вилоят суди раиси ўринбосари, судьялар, ҳудудий инспекция бошлиғи ўринбосари, вилоят адлия ва солиқ бошқармалари, бизнес-омбудсманнинг ҳудудий шуъбаси, савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси вакиллари, тадбиркорлар ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ходимлари иштирок этди.
– Очиқ мулоқотнинг инспекцияда ташкил этилгани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида юзага келаётган ҳуқуқий масалаларнинг долзарблиги билан бевосита боғлиқ, – дейди вилоят маъмурий суди раиси Жамила Султонова. – Хусусан, қурилиш ишларини амалга ошириш, шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши, рухсат бериш тартиб-таомиллари, давлат назорати ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ваколатли органлар ўртасида юзага келаётган низолар алоҳида эътибор талаб этмоқда. Мулоқот давомида ушбу масалалар билан бир қаторда, иқтисодий ва маъмурий низоларни қонуний ҳал этиш, солиқ мажбуриятлари ҳамда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг ҳуқуқий механизмлари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга қонунчилик асосида ҳуқуқий тушунтиришлар ва амалий тавсиялар берилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалаларни ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда кўриб чиқиш белгиланди.
[gallery-32021]
Тадбир якунида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, мавжуд муаммоларга қонуний ечим топиш ҳамда бу борадаги ҳамкорликни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари