Келажак тадбиркорлари қўллаб-қувватланмоқда
Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ташаббуси билан ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган “Келажак тадбиркорлари – 2026” касб, бандлик ва тадбиркорлик имкониятлари ярмаркаси ўтказилди.
Марказий банк, Таълим ва илм-фан вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ишлаб чиқариш субъектлари ҳамда йирик ташкилотлар вакиллари, “Ўзмиллийбанк” мутасаддилари, ўз бизнесини йўлга қўйиш ва келажакдаги фаолиятини тадбиркорлик билан боғлаш истагидаги олий ўқув юртлари талабалари ва профессионал касб-ҳунар техникумлари ўқувчилари иштирок этдилар.
Тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, Наманган шаҳари ҳокими Аюбхон Камолов таъкидлаганидек, бундай ярмарка ёш ўғил-қизларнинг касб-ҳунар эгаллаши, муносиб иш топиши, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиши учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбир доирасида “Ўзмиллийбанк” Наманган вилояти бошқармаси, бўш иш ўринларига эга тадбиркорлар, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, техникумлар ўз тақдимоти билан қатнашиб, эртамиз эгаларига мавжуд имкониятлар, касбий таълим йўналишлари, ишга жойлашиш шартлари ва бизнесни бошлаш учун молиявий кўмак механизмлари ҳақида маълумот беришди.
[gallery-32020]
Давлатобод туманидаги “Юксалиш” кичик саноат зонасида жойлашган “Ботир Муҳаммадали” масъулияти чекланган жамияти вилоятда ўз ўрнига эга бўлган корхоналардан биридир. Пойафзал маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки Марказий Осиё давлатлари, Афғонистон ва Саудия Арабистонига экспорт қилинаётган ушбу корхона раҳбари Акмал Баҳодиров ярмаркада “Ўзмиллийбанк”нинг “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 20 та бўш иш ўрни билан қатнашди. Бунинг натижасида тадбиркор ўз жамоасига иқтидорли 30 ёшни ишга қабул қилганлигини мамнуният билан қайд этди.
Ярмарка олий таълим муассасаларининг битирувчилари учун муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, унда фаоллик кўрсатган вилоятдаги олийгоҳлар қаторида Наманган давлат техника университети талабалари ҳам кўплаб ишга жойлашишда бу тадбир асқотди. Универститетнинг озиқ-овқат технология йўналиши 4-курс талабаси Гулбаҳор Ҳамидова “Tip-top Agro”, “Jesco” каби саноат корхоналари томонидан тақдим қилинган иш ўринлари ҳамда улардаги меҳнат шарт-шароитлари билан танишиб, ўзига мақбул иш жойини топди.
Ярмаркада вилоятдаги кўплаб маҳаллалар фаол иштирок этди. Жумладан, Тўрақўрғон туманидаги Озод маҳалласи ёшлари ҳам тадбирдан унумли фойдаланишга эришди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нозимжон Носировнинг маълум қилишича, кўргазмага келган 16 ёшдан 12 нафарига корхона ва ташкилотларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар тақдим қилинди.
Эътиборлиси шундаки, “Ўзмиллийбанк” Наманган вилояти бошқармаси тарафидан бириктирилган маҳалла банкири ҳудудда аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга яқиндан ҳисса қўшмоқда. 14-30 ёшдаги икки мингга яқин ёшлар орасида тадбиркорликка қизиқадиганларнинг маҳалла “драйвери” бўлган бодом, ҳурмо, гилос, ўрик, беҳи каби экспортбоп мева кўчатларини етиштиришга қаратилган лойиҳалари молиявий қўллаб-қувватлаб келинаётгани таҳсинга лойиқ.
Тадбир давомида “Ўзмиллийбанк”нинг “Келажак тадбиркори” дастури доирасида реал иш берувчилар ва вилоятдаги таниқли тадбиркор – Наманган шаҳридаги “Gasup” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Марина Жаббарова билан “Мастэр-класс” учрашуви ўтказилди. Ушбу дастур асосида лойиҳалари қўллаб-қувватланган ўнга яқин ёшларга ўз бизнесини қўлга қўйиш имкониятини берувчи 20, 30, 100 миллион ва 1 миллиард сўмлик ваучерлар тақдим қилинди.
– Беш йилдан буён Тўрақўрғондаги “Оқтош” экрин иқтисодий зонасида тадбиркорлик билан шуғулланиб келяпмиз, – дейди “Идеал мед индаст” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нодирбек Турғунов. – Фаолиятимиз дори-дармон маҳсулотларини қадоқлаш ва уларнинг улгуржи савдосига қаратилган. Шу боисдан бизда айланма маблағларга эҳтиёжимиз катта эди. “Ўзмиллийбанк” томонидан ажратилган 1 миллиард сўмни айни шу мақсадга йўналтирамиз. Бунинг натижасида бизда иккита янги иш ўрни яратилади. Банк билан ҳамкорликда ишлаётганимиздан беҳад миннатдормиз.
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касбларга йўналтириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда янги бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, зарур шароит яратишга қаратилган кўргазма якунида фаол иштирок этган олийгоҳ, маҳалла ва иқтидорли ёшлар “Ўзмиллийбанк” томонидан муносиб равишда тақдирландилар.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (суратлар) ЎзА мухбирлари