Қурилиш майдонларида тунги назорат
Қурилиш соҳасида ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш билан бир қаторда, ишчи-хизматчиларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади. Айниқса, куз-қиш мавсумида вақтинчалик яшаш жойларидаги иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш, электр тармоқларидаги носозликлар ёнғин чиқиши ёки инсонларнинг ис газидан заҳарланиши каби жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Шу боис Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ходимлари томонидан қурилиш объектларида ўтказилган тунги рейд тадбирлари ҳам ана шу мақсадга қаратилди. Унда ишчи-хизматчилар истиқомат қиладиган вақтинчалик яшаш жойларида ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилиниши атрофлича ўрганилди.

Назорат жараёнида вақтинчалик ётоқхоналарнинг ҳолати, иситиш мосламаларидан фойдаланиш тартиби, электр жиҳозлари ва тармоқларининг техник хавфсизлиги, шунингдек, фавқулодда вазият юзага келганда одамларнинг хавфсиз ҳудудга чиқиш имкониятлари текширилди. Хусусан, ностандарт иситиш печларидан фойдаланиш, электр тармоқларига ортиқча юклама тушиши, симларнинг носозлиги ва иситиш ускуналарини белгиланган талабларга зид равишда ишлатиш билан боғлиқ ҳолатларга эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, ишчи-хизматчиларни ис газидан заҳарланиш хавфидан ҳимоя қилиш масаласи ҳам рейднинг муҳим йўналишларидан бўлди. Бу борада газ ва иситиш ускуналаридан тўғри фойдаланиш, хоналарни мунтазам шамоллатиш, мўри ҳамда тутун чиқариш йўлларининг созлигини таъминлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилиб, масъул шахслар ва ишчи-хизматчиларга хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, электр ва иситиш жиҳозларидан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш, ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш юзасидан тавсиялар берилди.
Қайд этиш жоизки, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш фақат иш жараёнидаги муҳофаза чоралари билан чекланмайди. Ишчиларнинг яшаш ва дам олиш жойларида ҳам ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилиниши, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг созлиги ва иситиш тизимларининг хавфсиз ишлаши инсон ҳаётини асрашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу маънода, бундай профилактик тадбирлар нафақат мавжуд камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш, балки одамларда хавфсизлик маданиятини шакллантириш, эҳтиётсизлик туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА