Қозоғистондаги металлургия иншоотида портлаш содир бўлди: қурбонлар бор
Қозоғистоннинг йирик металлургия мажмуасида юз берган даҳшатли портлаш икки кишининг умрига зомин бўлиб, беш нафарини жароҳатлади. Ушбу фожиа оқибатлари ва сабабларини аниқлаш учун зудлик билан текширув бошланди.
Қозоғистоннинг Уст-Каменогорск шаҳрида жойлашган “Казцинк” металлургия мажмуасида юз берган мудҳиш портлаш оқибатида икки ишчи ҳалок бўлди, яна беш нафари турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилди.
“Теngrinews” нашри ёзишича, фожиа 5 май куни техник қурилмаларни тозалаш ишлари вақтида юз берган бўлиб, кучли зарбадан сўнг ёнғин келиб чиққан ва бино конструкцияларининг бир қисми қулаб тушган. Воқеа жойида зудлик билан қутқарув ишлари олиб борилиб, вайроналар остидан топилган жабрланувчиларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Таъкидланишича, ҳозирда махсус тузилган комиссия ҳодисанинг аниқ сабабларини ўрганмоқда. “Казцинк” компанияси ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, уларга ҳамда жароҳатланганларга моддий ёрдам берилишини кафолатлади.
Расмийлар ҳудуддаги экологик ҳолатни текшириб, атроф-муҳитга хавфли моддалар ажралмагани ва вазият назорат остида эканини маълум қилишди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА