Қозоғистон Хитой ҳамкорлигида йирик завод қуради
Қозоғистонда маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш кўлами кенгайтириляпти. Президент Қосим-Жомарт Тоқаев тахминан 1,8 миллиард долларлик Оқтоғай мис эритиш заводи қурилишини билвосита бошлаб берди.
Лойиҳа “KAZ Minerals” гуруҳи томонидан Хитойнинг NFC компанияси иштирокида амалга оширилмоқда. Абай минтақасидаги ушбу корхона рудани қазиб олиш ва бойитишдан тортиб, тайёр металлгача – тўлиқ ишлаб чиқариш туркуми бўйича ишлайди.
Заводнинг йиллик қуввати 300 000 тонна мис катодини ташкил этади. Шунингдек, мажмуада олтин, кумуш ва бошқа тегишли маҳсулотлар ҳам тайёрланади.
Биринчи мис катоди 2030 йил ишлаб чиқарилиши режалаштирилган корхонада 1000 дан зиёд иш ўрни яратилади.
Давлат раҳбари таъкидлашича, янги эритиш заводи Қозоғистон маҳсулоти қўшимча қийматини оширади, мамлакатнинг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлайди. Завод ишга тушгач, қардош давлат тозаланган мис етказиб берувчи кучли ўн мамлакат сафига қўшилиши мумкин. Шунингдек, Тоқаев саноатга рақамли технология ва сунъий интеллектни жорий этиш муҳимлигини ҳам эслатиб ўтди.
С.Раҳимов, ЎзА