Қовун сайли бир баҳона, мақсад дўстликни мустаҳкамлашдир
Икки давлат раҳбарларининг самимий учрашуви халқлар дўстлиги, борди -келдини мустаҳкамлади. Беларусь пойтахти Минскнинг улкан майдони 30 август – 1 сентябрь кунлари шаҳарликлар билан гавжум бўлди. Сўнгги кун эса навбат юз метрларга чўзилди.
– Спасибо за организацию ярмарки и праздника!
Бу ерга келганларнинг ҳар бири шундай миннатдорлик сўзларини айтар эдилар.
Ҳа, Ўзбекистоннинг Беларусь Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан Минскда “Ўзбекистон қовун фестивали” уюштирилди. Бу ерга Жиззах вилоятидан сархил, мазаси тилни ёрадиган ҳақиқий чўл қовунлари келтирилди. Бир неча жойларда қовун сайли – уни бепул татиб кўриш ташкил этилди.
– Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Минск маъмурияти ҳамкорлигида қовун фестивалини ўтказдик, – дейди Ўзбекистоннинг Беларусь Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов. – Маҳаллий аҳоли бизнес вакиллари бу тадбирдан хурсанд бўлдилар ва аслида ижтимоий акция иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
“Ўзбекистон қовун фестивали”нинг уч кунида 50 мингдан зиёд аҳоли унинг фаолияти билан танишди, қовун татиб кўрди ва сотиб олди.

– Бундан ташқари, биз Фарғонача ош қилиб тарқатдик, Самарқанд нонлари ҳам келтирилган эди, уни бир кундаёқ севиб олиб кетдилар, – дейди элчи.
Фестивалга Минск шаҳри ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Александр Комендант бошлиқ мулозимлар ташриф буюрдилар.
– Ўзбекистон биз учун йирик савдо ҳамкори. Шавкат Мирзиёевнинг ташрифидан сўнг эса кескин сакраш рўй берди. Биз ишлаб чиқариш компанияси, идоралар, савдо ташкилотлари делегацияларини Ўзбекистонга юборяпмиз. Улар бизга келяпти. Энг муҳими, самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди, – дейди Александр Комендант. – Қовун фестивали Беларусда биринчи бор ўтказилиши. Ва у жуда қувончли воқеа бўлди биз учун.
– Пахта толаси, мис маҳсулотларини сотиб оламиз Ўзбекистондан, – дейди Беларусь универсал товар биржаси бошқарма бошлиғи Александр Башлий. – Бугун узум, қуритилган мевалар бизнинг биржа орқали ҳам сотиляпти. Қовун фестивали баҳонасида ўзбек деҳқони, тадбиркорлари билан ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдик.

Илгари элчихоналар фақат сиёсат билан шуғулланар эди. Ҳолбуки, улар Беларусдаги каби халқларни янада жипслаштиришга ҳисса қўшадиган амалий тадбирлар ҳам ўтказса бўлар экан.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Onp0PFIyelM" title="Qovun sayli – bahona, natija mustahkam do‘stlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА