Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси Бухоро вилояти бўйича бошқармаси Қўриқлаш бошқармаси сафдор ходимлари Ҳ.А. ва Н.О. ўзларига бириктирилган ҳудудда хизматга жалб қилинади. Улар жорий йилнинг 20 декабрь куни соат 05:15 ларда Газли Нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли "Қумли ГТК мобил" йўналишининг 34-42 километридаги йўналишни қўриқлаш учун «Нива» русумли давлат рақами 80 209 ПСП бўлган хизмат автомашинасида қўриқланадиган ҳудудга боришади. Автомашинадан тушиб, йўналиш қувурининг таъқиқланган қисмидан «УАЗ» русумли автомашина ҳаракатланиб келаётганини кўришади.
Ҳайдовчи Қоракўл тумани “Куйдим” маҳалласида яшовчи, 1977 йилда туғилган А.А. га тўхташ ишораси берган бўлсаларда, у ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатланишни давом эттиради. Фуқаро Ҳ.A.ни автомашинанинг олд қисми билан қасддан уриб юборади ва воқеа жойидан қочиб кетади. Оқибатда оғир тан жароҳати олган сафдор ходим Ҳ.А. воқеа жойида вафот этади.
Мазкур ҳолат юзасидан А.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «Г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчига нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида вилоят сектор раҳбарлари, туман сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар масъуллари жиноят содир бўлган «Бандбоши» ва гумон қилинувчи А.А. истиқомат қиладиган “Куйдим” маҳаллаларининг мутасаддилари, кенг жамоатчилик иштирокида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама этилди.
Иккала маҳалла мутасаддилари ва профилактика инспекторларининг ҳудудда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширган профилактик тадбирлари ва уларнинг натижалари юзасидан ҳисоботи тингланди. Масъуллар мазкур жиноят сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шароит юзасидан тушунтириш берди. Мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари бирма-бир таҳлил қилинган ҳолда ушбу маҳаллада, шунингдек, туманнинг қолган барча маҳаллаларида, қолаверса вилоятнинг барча ҳудудлари ва меҳнат жамоаларида ушбу жиноят ва унинг оқибатларини таъсирчан муҳокама қилиш зарурлиги таъкидланди. Келгусида бу каби оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни олдини олиш мақсадида ҳудудларда “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизими, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА