Қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳалар истиқболлари муҳокама қилинди
Мамлакатимизда олий таълим ва илм-фан соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда академик алмашинув дастурларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса таълим ва илм-фан интеграциясини мустаҳкамлаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш ҳамда илмий салоҳиятни юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида Венгриянинг Людовика Давлат хизмати университети вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ҳамкорлик йўл харитаси доирасида гибрид таълим дастурларини ривожлантириш, ёзги мактаблар ва қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, профессор-ўқитувчиларнинг “Stipendium Hungaricum va L Fellowship” халқаро дастурларидаги иштирокини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар Европа Иттифоқининг Horizon дастури доирасида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро экспертлар иштирокида тадқиқотлар олиб бориш ҳамда илмий салоҳиятни ошириш истиқболларини ҳам кўриб чиқди, дейилади Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси маълумотида.
Учрашув якунида илм-фан, таълим ва маданий ҳамкорликни янада кенгайтириш, академик алмашинув дастурларини ривожлантириш ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.
М.Ҳожиакбарова,
ЎзА