Иш берувчилар ва ходимларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш ва унинг давомийлигини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, эндиликда иш вақтидан ташқари ишнинг бир кунда биринчи икки соати учун камида бир ярим ҳисса миқдорида, икки соатдан ортиқ қисми учун камида икки ҳисса миқдорида (меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда – ҳар бир соати учун камида икки ҳисса миқдорда) ҳақ тўланиши белгиланмоқда. Ишчиларнинг манфаатлари билан боғлиқ нормалар янада аниқлаштирилмоқда. Амалда икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш белгиланган, аммо миқдорнинг юқорилиги уни таъминлашни қийинлаштириб келаётган эди.
Шунингдек, амалда ходимни бир йил ичида 120 соатдан ортиқ иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш мумкин эмаслиги ҳақида меъёр бор. Аммо халқаро ва хорижий тажрибада бу меъёр кўпроқлиги ҳисобга олиниб, эндиликда меъёр икки кун давомида тўрт соатдан ошмаслиги белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига киритилаётган ўзгартишларга кўра, мавжуд 120 соатлик чекловни олиб ташлаш ва қўшимча иш учун 1,5 баравар миқдорида ҳақ тўлаш таклиф қилинмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Фракция аъзолари бугунги кундаги реал вазиятдан келиб чиқиб, ишчи-ходимларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, иш вақтидан ташқари ишланган давр учун адолатли ҳақ тўлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ташаббускорларга партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, бир қатор таклифларни билдирди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА