🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Қўшимча дарс 200 минг сўм: Фарғонада сир фош бўлди

Қўшимча дарс 200 минг сўм: Фарғонада сир фош бўлди
Жамият
Танлаш
14:00 / 22.03.2021

Фарғонада халқ таълими бўлими мудирининг кадрлар билан ишлаш шўъбаси мутахассиси ва методисти ёш ўқитувчини алдаб, фирибгарлик йўли билан ундан 200 минг сўм пул ундирмоқчи бўлди. Афсуски, уларнинг кирдикорлари фош бўлиб қолди.

Қувасой шаҳар халқ таълими бўлимида табиий фанлар методисти вазифасида ишловчи М.М. 6-сонли умумий ўрта таълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Д.А.га 22-сонли мактабдаги мавжуд қўшимча дарс соатларини олиши мумкинлигини айтиб, қизиқтирди. Ваҳоланки, бу қизиқтириш остида “бир гап” бор эди.

Методист шу мақсадда кадрлар билан ишлаш шўъбаси мутахассиси Д.Ж.нинг хизмат хонасига ёш ўқитувчини олиб кирди. Аввалига Д.Ж. қўшимча дарс соатлари олиш учун қандай ҳужжатлар тайёрлаши лозимлигини тушунтирди ва суҳбатдан ўтиб келиши шартлигини билдирди. Шундан кейин йўлланма ёзиб бериши мумкинлигини, аммо йўлланма осонликча ёзилмаслигини қистириб ўтди. Ваҳоланки Д.А.га қўшимча дарс соатлари ажратилиши учун қоида бўйича йўлланма олиши шарт эмас эди.

Шундай қилиб, нафси хакалак отган бўлимнинг мутахассис ва методисти ёш ўқитувчини “нишон”га олишди. Мақсадлари ундан пул ундириш эди.

Ва ниҳоят ўқитувчи Д.А.ни методист мутахассиснинг хизмат хонасига олиб кирди. Ўқитувчи эса суҳбатдан ўтиб келганлигини айтиб, ҳужжатларини тақдим қилди ва Д.Ж.нинг “йўлланма осонликча берилмаслиги” тўғрисидаги шаъмасига биноан 200 минг сўм пул берди. Бу пуллар эса Департамент ходимлари томонидан махсус кимёвий ишлов берилган пуллар бўлиб чиқди.

Албатта, алдов, фирибгарлик йўли билан ёш ўқитувчидан пул ундиришга ҳаракат қилган бўлим мутахассислари ўзларининг жиноий қилмишлари билан эгаллаб турган касбига, ўқитувчи деган улуғ номга доғ туширди. Жиноят ишлари бўйича Қувасой суди томонидан уларга  қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди.

М. Сулаймонов, ЎзА

Муаллиф: uza