Қўшалоқ байрам: Чуруқ овули 100 ёшда
Чўл бағрида шундай масканлар борки, уларнинг ҳар бир тепалиги, ҳар бир сўқмоғи, ҳар бир хонадони ортида бутун бир авлоднинг тақдири, меҳнати ва хотираси мужассам. Уларнинг тарихини китоблардангина эмас, одамларнинг хотираси, дуоси, урф-одати ва авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ривоятларидан ҳам англаш мумкин.
Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани марказидан қарийб 100 километр олисда жойлашган Чуруқ овули ана шундай тарихий масканлардан бири. Бу йил овул аҳли учун икки карра қувончли сана бўлди: мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллиги ва Чуруқ овулининг 100 йиллик юбилейи бир-бирига уйғун ҳолда кенг нишонланди.
Бир аср — инсон умри учун улкан муддат. Аммо халқ тарихи учун бу рақамдан ҳам кўра кўпроқ маъно англатади. Чуруқнинг юз йиллик тарихи — бу бир овулнинг эмас, балки шу заминда меҳнат қилган, рўзғор тебратган, фарзанд ўстирган, юрт тинчлиги ва ободлигига ҳисса қўшган авлодларнинг ҳаёт солномаси.
Чуруқнинг ўзига хос тарихи узоқ ўтмиш қатламларига бориб тақалади. Мавжуд маълумотларга кўра, Бухоро амирлиги даврида, хусусан, Амир Олимхон ҳукмронлиги йилларида бу ҳудуд муҳим савдо ва стратегик йўналишлардан бирида жойлашган.
Ўша даврларда ҳозирги Зарафшон ва Томди ҳудудлари, шунингдек, Қозоғистон томонидан Бухоро амирлиги сари йўл олган савдо карвонлари Чуруқ ҳудуди орқали ҳаракатланган.

Карвонлар Қозоғистон ҳудудидан “Қозоқ-асув” деб аталувчи тоғлар орасидаги йирик довон орқали Бухоро томон йўл олган. Узоқ йўлни босиб ўтаётган савдогарлар, чорвадорлар ва карвон аҳли учун Чуруқ муҳим бекатлардан бири бўлган.
Тасаввур қилинг: саҳро сукутини туялар қўнғироғи бузади. Узоқдан келаётган карвонлар бу масканда бир зум тўхтайди. Йўловчилар нафас ростлайди, чорвага қаралади, одамлар бир-бири билан ҳол-аҳвол сўрашади. Ана шу оддий манзаралар асрлар ўтиб, Чуруқнинг тарихий хотирасига айланган. Шу маънода, бу заминнинг ҳар бир қаричида ўтмишнинг ўзига хос излари бор.
Юбилей муносабати билан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан, шунингдек, қўшни Қозоғистон Республикасидан меҳмонлар Чуруққа ташриф буюрди. 300 нафарга яқин қардош ўзларининг тарихий масканига, ота-боболари яшаган, қариндош-уруғлари камол топган азиз гўшага жам бўлди.
Кимдир узоқ йиллар кўришмаган қариндошини бағрига босди. Кимдир болалик хотираларини эслади. Яна кимдир ота-боболари ҳақида ҳикоялар айтиб, ўтмиш билан бугун ўртасида кўприк қурди.
Бу ерда чегаралар эмас, қардошлик ришталари устувор эди. Турли ҳудудлардан келган инсонларни бирлаштирган туйғу эса битта — Чуруққа, унинг тарихи ва одамларига бўлган меҳр эди.

Тантаналарнинг дастлабки кунида меҳмонлар учун кенг дастурхон ёзилди. Миллий таомлар, жумладан, қардош халқларнинг севимли таоми — бешбармоқ тортилди.
Бир дастурхон атрофида жам бўлган инсонлар учун бу шунчаки зиёфат эмас эди. Бу — халқимизнинг азалий меҳмондўстлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик анъаналарининг яна бир ёрқин кўриниши бўлди.
Даврада Қуръони карим тиловат қилиниб, ўтиб кетган аждодлар руҳи ёд этилди. Юрт тинчлиги, осойишталиги ва бугунги фаровон ҳаёт учун шукроналар билдирилиб, дуога қўл очилди. Бир асрлик тарихни яратган авлодлар хотирасига бундай эҳтиром — ўтмишга ҳурматнинг энг юксак кўринишларидан биридир.
Тантана давомида овул умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди. Янграган миллий куй-қўшиқлар, рақслар ва саҳна кўринишларида халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятлари ва Ватанга муҳаббат туйғулари ўз ифодасини топди. Айниқса, навқирон авлод вакилларининг саҳнадаги чиқишлари байрамга алоҳида файз бағишлади. Бу манзарада яна бир ҳақиқат яққол кўринди: тарих фақат ўтмишда қолиб кетмаслиги керак. У ёш авлод қалбига сингдирилсагина яшайди.
Бугун саҳнада қўшиқ куйлаётган, миллий анъаналарни намойиш этаётган болалар эртага Чуруқнинг тарихини давом эттирадиган авлоддир.

Юбилей тантаналарининг иккинчи куни ҳам ўзига хос шодиёна билан давом этди. Меҳмонлар учун анъанага кўра, дастурхонга бешбармоқ ва ош тортилди. Яна бир бор дийдорлашувлар, самимий суҳбатлар ва эзгу тилаклар янгради.
Овул қирида эса халқимизнинг қадимий миллий ўйинларидан бири — кўпкари ташкил этилди. Унда яқин ва узоқ ҳудудлардан ташриф буюрган моҳир чавандозлар иштирок этишиб, ўз маҳоратларини намойиш этишди. Қизғин кечган улоқ-кўпкари баҳслари томошабинларга ўзига хос завқ ва ҳаяжон бағишлади.
Отлар дукури, чавандозларнинг шиддати, томошабинларнинг олқиши — буларнинг барчаси саҳро бағридаги байрамга миллий руҳ ва бетакрор жозиба бағишлади.
Чуруқ овулининг юз йиллиги мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида нишонлангани ҳам рамзий маънога эга.

Бугун Янги Ўзбекистонда тарихий хотирани тиклаш, миллий қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш, маҳаллаларни обод қилиш, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Давлат раҳбари ташаббуслари асосида инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш, маҳаллаларни ривожлантириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Чуруқдаги бугунги шодиёна ҳам ана шу сиёсатнинг ҳаётдаги оддий, аммо жуда таъсирчан ифодасидир. Чунки тараққиёт фақат йирик шаҳарлар ва замонавий иншоотларда эмас. У олис овуллардаги инсонларнинг кўнглидаги хотиржамлик, ўз тарихи ва қадриятларига бўлган ифтихорларида ҳам намоён бўлади.

Чуруқнинг юз йиллиги — кўплаб авлодлар ҳаёти демак. Бир аср давомида қанча авлод алмашди. Қанча болалар дунёга келди, вояга етди, ўз фарзандларини тарбиялади. Қанча меҳнаткаш инсонлар бу саҳро бағрида ўз изини қолдирди. Бугун эса уларнинг авлодлари бир дастурхон атрофида жам бўлиб, аждодларини ёд этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири