Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ходимларини танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, уларнинг масъулиятини ошириш, моддий таъминоти ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, шунингдек, ходимларнинг хизмат ўташини ташкил этиш тўғрисида тегишли ҳужжатлар қабул қилинган. Мазкур ҳужжатлар билан Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси сафларида хизмат қилиб келаётган ходимларни хар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир кафолатлар таъминланган.
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Миллий гвардия раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар, тизимда таълим жараёнларидаги ислоҳотлар, ўқитиш ва малакали қадрларни тайёрлаш бўйича маълумот берилди.
Қайд этилишича, соҳадаги ходимларнинг ижтимоий ҳимояси уларнинг соғлиғини сақлаш, пул таъминотини тўлаш, уй-жой билан таъминлаш, мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланишини таъминлаш, давлат пенсия таъминоти, давлат суғуртаси ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали таъминланади.
Ҳозирги кунда Қўриқлаш бош бошқармаси таркибида хизмат қилиб келаётган ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар мунтазам равишда амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, Қўриқлаш бош бошқармаси таркибида хизмат қилиб келаётган ходимларнинг фарзандлари учун республикамизда мавжуд олий таълим муасассаларининг бакалавриат йўналишларига ўқишга қабул қилиниши учун квоталар ажратилиши йўлга қўйилмоқда.
Жорий йилда ходимларнинг фарзандлари ёзги оромгоҳларда мароқли дам олишларини ташкил этиш мақсадида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг “Камалак” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилди. Ушбу оромгоҳда болаларнинг ёзги таътилларини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида 5 мавсумдан иборат дам олишлар ташкил этилди. Бундан ташқари республикамизнинг барча вилоятларида хизмат қилиб келаётган ходимларнинг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган жами 750 нафар фарзанди қабул қилиниб, уларнинг бепул дам олиши ташкил этилди.
Қўриқлаш бош бошқармаси ходимлари озиқ-овқат, пул, кийим-кечак ва бошқа моддий техник воситалар билан таъминланиб келинмоқда. Шунингдек, Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари йил давомида ҳар чорак якуни бўйича пул мукофоти билан рағбатлантирилади ҳамда йилда бир маротаба ходимларга моддий ёрдам кўрсатилади.
Бундан ташқари, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини янада такомиллаштириш мақсадида 2023 йилнинг апрель ойидан бошлаб, экстерриториал тамойили асосида хизмат қилаётган яъни, ходимларнинг доимий яшаш ҳудудидан бошқа ҳудудга Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда экстерриториал шароитда хизмат ўтаётганликлари учун хизмат қилаётган жойида шахсий турар-жойга эга бўлмаган офицерлар таркибидаги ходимларга турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби жорий қилинди.
Ҳарбий-ватанпарварлик синфларида таҳсил олаётган ўқувчи ёшларни “Темурбеклар мактаблари”, ҳарбий-академик лицейлари, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда бошқа олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун мақсадли ва чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлаш тизими йўлга қўйилган.
Миллий гвардияда Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ва Ҳарбий мусиқа академик лицейлари фаолият юритмоқда. Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейига ўтган 2022 йилдан бошлаб фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари инобатга олиниб, қабул квотаси 100 тадан 150 нафарга оширилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА