Жорий йилнинг 13-18 апрель кунлари Туркманистон Республикасининг Ашхобод шаҳрида анъанавий тарзда ташкил этилган “Open Mathematical Olympiad for University Students (OMOUS-2025)” халқаро математика олимпиадаси бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан иқтидорли талаба-ёшлар иштирок этди. Мазкур олимпиада фундаментал ва аниқ фанларга қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди.

Ушбу халқаро миқёсдаги мусобақада Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талаба-ёшлари ҳам муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллади. Жумладан, математика факультети талабаси Суннат Максатов юксак билим ва салоҳиятини намоён этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Унинг жамоадошлари Дамир Дилмуратов кумуш, Индира Сатниязова, Нурсултан Еримбетов ва Наргиза Ҳақбергенова эса бронза медаллари билан тақдирланди.
Бундан ташқари, университет жамоаси жамоавий ҳисобда ҳам юқори натижага эришиб, кумуш медални қўлга киритди. Бундай ютуқлар нафақат олий ўқув юртининг нуфузини ошириш, балки ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва илм-фанга бўлган қизиқишини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.