Қорақалпоқ матбуоти фидойиси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоқ журналистикаси ва адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижодкорлардан бири — Пардагул Хўжамуротова. Унинг кўп йиллик фаолияти матбуот ва ижод соҳаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, журналист сифатида самарали меҳнати кенг эътироф этилган.
П. Хўжамуротова турли йилларда “Нукус ҳақиқати”, “Еркин Қарақалпақстон” каби газеталарида масъул лавозимларда ишлаб, долзарб мавзулардаги мақолалари, таҳлилий ва публицистик чиқишлари билан кенг жамоатчилик эътиборини қозонди.
[gallery-30065]
Ижодкор журналистика билан бир қаторда бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб, ҳикоя, новелла ва эссе жанрларида қатор асарлар яратди. Унинг “Она соғинчи”, “Умр довонлари”, “Виждон суди”, “Сенга ёлғон, менга чин”, “Онам тушимга кирган кун” ва “Газетачилар” китоблари китобхонларга яхши таниш.
Ҳозирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси бўлган Пардагул Хўжамуротованинг кўп йиллик самарали меҳнати давлат ва жамоатчилик томонидан муносиб эътироф этилган. У “Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси”, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллиги кўкрак нишони соҳиби ҳамда “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.
Жорий йил ижодкор ўзининг 70 ёшини қарши олмоқда. Унинг бой ҳаётий тажрибаси, касбига садоқати ва ижодий фаолияти бугунги ёш журналистлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА