Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида “Ишбилармон аёл – 2022" кўрик-танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Ҳаитов мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ўзгариш ва янгиланишлар, айниқса хотин-қизларимиз барча соҳаларда фаол иштирок этаётганлиги, хусусан, тадбиркорлик ва фермерлик соҳасида юксак натижаларга эришаётгани, минглаб иш ўринлари яратишда ўз ҳиссаларини қўшаётганлигини эътироф этди.
Бу йилги кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган жами 20 нафар иштирокчи ўзаро беллашди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир иштирокчининг иш фаолияти, билим тажрибаси, экспорт салоҳияти, маҳсулотлар хоридоргирлиги, яратилган иш ўринлар, ҳуқуқий саводхонлиги, партия ва жамоат ишларидаги фаоллиги, келгуси режалари холис баҳоланган ҳолда шижоатли, ташаббускор, қобилиятли ишбилармон аёллар аниқланди.
Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин Тахиатош туманидаги “Intizar Dinara” оилавий корхонаси раҳбари Сайёра Аллаяровага насиб этди.
[gallery-8425]
– Бу каби танловлар ўзаро тажриба алмашишда, фаолиятимизни янада кенгайтиришда бизларга куч-қувват бағишлайди, – дейди С.Аллаярова. – 2014 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Фаолиятимни тикув цехини очишдан бошлаган бўлсам, ҳозирги кунда 8 та йўналиш бўйича тадбиркорлик қилиб келмоқдаман. 2016 йили зотдор қуёнларни имтиёзли кредит асосида харид қилиб, ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларига кооперация асосида тарқатиб келяпмиз. Бундан ташқари нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, асаларичилик, боғдорчилик, паррандачилик, гулчилик йўналишларида 200 нафардан ортиқ киши, асосан хотин-қиз иш билан таъминланди.
Танловда иккинчи ўринни Нукус туманидаги “Мажид Жузимгул” фермер хўжалиги раҳбари Жузимгул Бекбергенова, учинчи ўринни Амударё туманидаги “Турсинбоев Шоҳжаҳон” фермер хўжалиги раҳбари Гуласал Дўсчанова эгаллади.
Ғолиб ва совриндорларга диплом, қимматбаҳо совғалар топширилди. Бундан ташқари бешта номинация бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА