Сенат ялпи мажлисида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси кўриб чиқилди.
Ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестициялар жалб этишни ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар таҳлил қилинди.
Мажлисда бу борада аҳоли бандлигини таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қулай агробизнес муҳитини яратиш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Бунда Президентимиз томонидан минтақада юзага келган ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилаётган жиддий эътибор, ҳудудни ривожлантириш мақсадида қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорларнинг алоҳида ўрни бор. Олий Мажлис Сенати томонидан эса уларнинг ижроси устидан таъсирчан парламент назорати олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, 2020-2023 йилларда умумий қиймати 11,2 триллион сўмлик 1 минг 359 инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 16 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Президентимизнинг “БМТ Бош Ассамблеясининг “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори билан 2021-2024 йилларда Оролбўйи минтақасида иқтисодиёт тармоқларида ресурс тежовчи, замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича 71 тадбирни ўз ичига олган “йўл харитаси” ҳамда 65 устувор инновацион лойиҳа рўйхати тасдиқланган.
“Йўл харитаси”даги тадбирлардан 65 таси ҳамда устувор инновацион лойиҳадан 53 таси бажарилган.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Мўйноқ туманидаги тадбиркорлик субъектлари учун қатор солиқ имтиёзлари берилиши натижасида 2024 йил биринчи чорак якунларига кўра 296 корхона ихтиёрида 1,5 миллиард сўм қолдирилган.
Бундан ташқари, 2024 йилнинг биринчи чорагида 12 минг 867 тадбиркорлик субъекти томонидан 30,1 миллиард сўм солиқ имтиёзларидан фойдаланилган.
Мажлис давомида Президентимизнинг 2024 йил 9 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳудудда 2024 йилда 120 мингдан ортиқ аҳолининг доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда бандлигини таъминлаш, қиймати 6,5 триллион сўмлик 421 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилгани таъкидланди.
Шунингдек, аҳолини бизнесга жалб қилиш, йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш, аҳолини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, норуда фойдали қазилма конлари ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини аукцион савдоларига чиқариш бўйича манзилли дастурлар тасдиқланган.
Муҳокамалар якунида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди ҳамда Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА