Қорақалпоғистонда халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўллари модернизация қилинмоқда
Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (CAREC) дастурининг 2-йўлаги доирасида Қорақалпоғистон Республикасида йирик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа минтақавий транспорт тизимини ривожлантириш, халқаро савдо алоқаларини кенгайтириш ва автомобиль йўлларининг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга қаратилган.
Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамкорлигида молиялаштирилаётган лойиҳа халқаро аҳамиятга эга А380 «Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» автомобиль йўлини модернизация қилишни назарда тутади. Бу эса мамлакат транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида иккита йирик лойиҳа босқичини амалга ошириш кўзда тутилган. Асосий йўналишлардан бири А380 магистраль автомобиль йўлини модернизация қилиш ҳамда иқлим ўзгариши таъсирига бардошли транспорт инфратузилмасини барпо этишдан иборат.
Умумий узунлиги 87 километр бўлган йўл қисмларини қамраб олган лойиҳа доирасида 75 километрлик янги «Тўрткўл — Элликқалъа — Беруний» айланма автомобиль йўлини қуриш ва мавжуд автомобиль йўлининг 12 километрлик қисмини тўлиқ реконструкция қилиш режалаштирилган.
Мазкур ишлар натижасида транспорт ҳаракати учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш, юк ва йўловчилар ташиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, ҳудуднинг транзит имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
[gallery-32158]
Замонавий талаблар асосида барпо этиладиган автомобиль йўллари Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ва транспорт салоҳиятини юксалтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини янги бозорларга етказиб бериш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро транспорт йўлакларидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА