Ташрифдан сўнг
20 август куни Нукус шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқоти барчада катта қизиқиш уйғотиб, тадбиркорларга янада куч-қувват бағишламоқда.
– Уч йилдан буён 20 август Тадбиркорлар куни байрами сифатида кенг нишонланиши, давлатимиз раҳбарининг бизнес вакиллари билан бу йилги очиқ мулоқоти айнан қорақалпоқ диёрида ташкил қилингани нафақат менга, балки бутун қорақалпоғистонликларга чексиз қувонч бағишлади, – дейди “Muinak tour” масъулияти чекланган жамият раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳибаси, O’zLiDeP фаоли Амина Бекжанова. – Ўзим ҳам бизнес вакиллари билан бир қаторда очиқ мулоқотда иштирок этдим. Бундан жуда хурсандман. Чунки Президентимизнинг қорақалпоқ юртига бўлган меҳри, оталарча ғамхўрлиги, эътибори ўзгача.
Ўзбек ва қорақалпоқ халқи азалдан бир-бирлари билан тинч-тотув иноқ яшаб келмоқда. Нима учун бу йилги очиқ мулоқотни айнан Қорақалпоғистонда ўтказяпмиз? – деди давлатимиз раҳбари. – Чунки Қорақалпоғистонга инвестиция киритиб, бизнес қилишнинг бошқа ҳудудларга нисбатан 3 та устунлиги бор.
Жумладан, Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ 50 дан зиёд имтиёз пакетининг, ер ажратишнинг содда тизими жорий этилгани, катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудуд бу айнан Қорақалпоғистон эканлигини эътироф этди. Айнан “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурини тайёрлаш вазифаси қўйилгани бу ҳудудда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматларни ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этиши янги ғоя ва нафас олиб келади. Қорақалпоқ элининг эртаси бугунгидан ҳам яхши бўлиши учун берилаётган имтиёз ва преференциялар, имкониятлар одамларни янги марралар сари руҳлантиради.
А.Бекжанова ҳам айнан тадбиркорликнинг туризм соҳаси бўйича фаолият юритади. У раҳбарлик қилаётган “Muinak Tour” масъулияти чекланган жамият 2017 йилда ўз фаолиятини бошлаган эди. Туристлик агентлиги Мўйноқ туманига, Орол денгизига ва бошқа жойларга саёҳат қилмоқчи бўлган фуқароларга хизмат кўрсатади. Тадбиркорнинг меҳнати бесамар кетмади. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус-2021” кўрик-танловининг республика босқичида “Энг яхши тадбиркор аёл” йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллаб, “Nexia-3” автомобили, 2022 йили “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони, 2023 йили эса “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Президентимизнинг ташаббуси билан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибори оддий қорақалпоқ қизи Амина Бекжанова сингари кўплаб ушбу соҳа вакилларига фаолиятини янада кенгайтиришда куч-қувват ва шижоат бағишлайди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.