Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли дата-марказлар ташкил этилади
Қорақалпоғистонда рақамли иқтисодиёт учун йирик инфратузилма лойиҳаси амалга оширилади. Президент топшириқларига мувофиқ, Нукус туманида умумий қуввати 1 ГВт бўлган дата-марказларни ўз ичига олган технопарк ташкил этилади.
Мажмуа Қорақалпоғистоннинг қайта тикланувчи энергия салоҳиятидан фойдаланган ҳолда электр энергияси билан таъминланади. Дата-марказларни умумий қуввати 3,3 ГВт бўлган шамол электр станциялари билан боғлаш мақсадида 500/220 кВ кучланишли янги подстанция ва 220 кВ электр узатиш тармоғи қурилади.
Янги энергетика инфратузилмаси дата-марказларнинг электрга бўлган эҳтиёжини аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг мавжуд истеъмолига таъсир қилмаган ҳолда таъминлаш имконини беради. Йирик дата-марказлар нафақат Ўзбекистон, балки минтақа учун рақамли хизматлар ва юқори технологияли ечимларни тақдим этиши кўзда тутилган.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, янги энергетика инфратузилмасининг биринчи босқичи 2027 йилнинг иккинчи ярмида, тўлиқ қувватда ишга туширилиши эса 2028 йилнинг иккинчи ярим йиллигида режалаштирилган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА