Қорақалпоғистон замонавий саноатнинг янги манзилига айланмоқда
Бугун Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвестициявий лойиҳалар ва янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти тобора юксалиб бораётганидан далолат бермоқда.
Айниқса, Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига бўлган юксак эътибори, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратиб берилаётган кенг имкониятлар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Яқинда юртимизда илк бор тадбиркорлар ташаббуси билан замонавий технологиялар асосида олтин ишлаб чиқариш заводининг ишга туширилиши ана шундай эътибор ва яратилган имкониятларнинг муҳим самараларидан бири бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси учун бу воқеанинг аҳамияти ниҳоятда катта. Чунки янги заводнинг ишга туширилиши нафақат навбатдаги ишлаб чиқариш объектининг барпо этилганини, балки ҳудудимизда инвестициявий муҳит, тадбиркорлик фаолияти ва замонавий саноатни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилганини ҳам кўрсатади.
Умумий қиймати 33 миллион АҚШ доллари бўлган инвестиция маблағи ҳисобидан амалга оширилган мазкур лойиҳа замонавий технологияларга асослангани билан алоҳида аҳамиятга эга. Заводда соф олтин ишлаб чиқариш жараёнида маҳсулотнинг тўртта 9 — Au 999,9 даражасига етказилиши эса мамлакатимиз саноати тарихида муҳим воқеалардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Янги корхонанинг тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида суткасига 1000 тонна рудани қайта ишлаш орқали йилига ярим тоннадан зиёд олтин ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Энг муҳими, лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилади. Бу рақамлар ортида юзлаб оилаларнинг даромади, янги касб ва замонавий меҳнат кўникмаларини эгаллайдиган ёшлар, ҳудудда янги иқтисодий имкониятларга эга бўладиган инсонлар тақдири мужассам.
Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур заводнинг ишга туширилиши Қорақалпоғистонда саноатни диверсификация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш борасидаги муҳим қадамдир.
Эътиборли жиҳати шундаки, бундай лойиҳалар ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширади. Бир йирик инвестициявий лойиҳа ортидан янги ҳамкорлик алоқалари, замонавий технологиялар, малакали мутахассисларга бўлган талаб ва қўшимча бизнес имкониятлари пайдо бўлади. Бу эса иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳудудда ҳар бир янги корхона ва ишлаб чиқариш қувватининг ишга туширилиши бу, аввало, халқимиз учун янги имкониятлар деганидир. Бугунги ислоҳотларнинг энг муҳим мезони ҳам айнан шу — инвестициялар ва янги лойиҳалар одамлар ҳаётида қандай натижа бераётгани, қанча янги иш ўрни яратилаётгани, аҳоли даромадлари ва фаровонлиги қай даражада ошиши билан белгиланади.
Президентимиз таъкидлаётганидек, инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш ислоҳотларнинг устувор мақсадидир. Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ҳар бир йирик инвестициявий лойиҳа ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Янги заводнинг ишга туширилиши билан Қорақалпоғистонда янги иқтисодий саҳифа очилмоқда, десак, муболаға бўлмайди. Бу ташаббус ва имкониятлар уйғунлиги, инвестиция ва замонавий технологиялар ҳамкорлиги, энг муҳими, халқимиз фаровонлиги йўлидаги амалий натижанинг ёрқин намунасидир.
Руслан Джумамуратов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА