Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида 9 апрель Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигига 30 йил тўлиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Филиал директори А.Есимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси П.Айтниязов, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Н.Бердиев сўзга чиқиб, барчани Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги билан муборакбод этди. Конституция мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишининг кафолати эканлиги алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, ҳар бир фуқаро давлатимизнинг асосий қонуни саналадиган Конституциянинг мазмун-моҳиятини теран англаб етиши ва уни яхши билиши зарур. Шунингдек, ўсиб келаётган ёш авлодга бош қомусимиз ҳозирги фаровон ҳаётимизнинг ҳуқуқий асоси эканлиги хусусида кенг тушунчалар бериб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда талаба ёшлар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири