Қораўзакда 200 мегаватт қувватли шамол электр станцияси ишга туширилади
Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида “Нукус-2” шамол электр станцияси ва аккумуляторли энергия сақлаш тизимини барпо этиш бўйича халқаро лойиҳа ишга туширилиш арафасида.
Мамлакатимиз ҳукумати ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда “яшил” иқтисодиётга ўтишда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа доирасида умумий қуввати 200 мегаватт бўлган шамол электр станцияси, 26 та шамол турбинаси генератори ҳамда 100 мегаватт-соат сиғимли аккумуляторли энергия сақлаш тизимини барпо этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ишлаб чиқарилган электр энергиясини узатиш учун 44 километрлик юқори кучланишли электр узатиш тармоғини қуриш, 220 киловольтли тақсимлаш қурилмасини барпо этиш ва Беруний подстанциясини кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш жараёнида 200 нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли вакилининг бандлиги таъминланган.
Замонавий мажмуа шамол энергиясидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқарилган электр энергиясини сақлаш ва зарур пайтда тармоққа узатиш имконини беради. Бу эса энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш, анъанавий ёқилғи ресурсларига эҳтиёжни камайтириш ҳамда атмосферага зарарли газлар чиқарилишини қисқартиришга хизмат қилади.
[gallery-32467]
Лойиҳани молиялаштириш бўйича келишув 2025 йилда имзоланган. Мажмуани жорий йилнинг тўртинчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА