Самарқанд шаҳри ва янги қурилаётган Ширин массивини ўзаро боғлаш мақсадида Қорадарё устида умумий узунлиги 330 метр бўлган кўприк қурилиши давом этмоқда.
Вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат муассасаси томонидан ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакиллари мазкур объектдаги қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Лойиҳа қиймати 260 миллиард сўм бўлган кўприк “1-Кўприкқурилиш отряди” унитар корхонаси бош пудратчилигида бунёд этилмоқда. Қурилиш ишлари 2022 йилда бошланган ва 2026 йилда якунланиши кўзда тутилган. Кўприк Қорадарё ҳамда М-39 автомобил йўли устидан ўтиб Самарқанд халқаро аэропортига олиб борувчи йўлга қўшилади. Шунингдек, кўприкка М-39 йўлидан кириб келувчи ва ушбу магистралга қўшилувчи йўллар ҳам бўлади.
– Шу пайтгача кўприк учун 35 метр чуқурликда 298 та бетон устун ўрнатилди, – дейди қурилиш ишларини олиб борувчи “1-Кўприкқурилиш отряди” унитар корхонаси участка бошлиғи Юсуф Мамараҳимов. – Дарёнинг ўнг қирғоғида тупроқ ташиш, бурғулаш ва бетон қуйиш ишлари давом этмоқда. Объектда ҳозир 120 нафар қурувчи-муҳандис ва ишчи меҳнат қилмоқда.
Ширин массиви Қорадарё бўйида 10 километр узунликда, 665 гектар майдонда барпо этиладиган замонавий шаҳарчадир. Бу ерда 180 минг аҳолига мўлжалланган 12-52 қаватли тураржойлар, 12 та умумтаълим мактаби, 30 та мактабгача таълим таълим ташкилоти, тиббиёт муассасалари ва тўртта хусусий клиника, иккита олий ўқув юрти, иккита IT парк бунёд этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 6 июнь куни Самарқандга ташрифи доирасида “Ширин” массивининг мастер режаси тақдимоти билан танишган ва зарур топшириқларни берган эди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири