Қорадарё кўприги – байрамга муносиб туҳфа
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Наманган вилояти Норин туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари юртимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Жумладан, Наманган вилоятини Андижон вилояти билан боғловчи Қорадарё устида замонавий талабларга жавоб берадиган янги кўприк қурилиши жадал давом этмоқда.
Стратегик аҳамиятга эга мазкур иншоот Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Қирғиз Республикасининг Ўш вилояти ўртасидаги транспорт қатновини янада қулайлаштириш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.
[gallery-30963]
Ўтган асрнинг 60-йилларида барпо этилган эски кўприкнинг узунлиги 188,5 метр, эни эса 9 метрни ташкил этади. Қатнов қисмининг торлиги транспорт воситалари ҳаракатида муайян ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди.
Янги кўприк қурилиши учун давлат бюджетидан қарийб 43 миллиард сўм маблағ ажратилган. Айни пайтда қурилиш ишларида пудратчи — «Кўприк қурилиш фойдаланиш» масъулияти чекланган жамиятининг 50 нафарга яқин ишчи-ходимлари 20 дан ортиқ махсус техника ёрдамида фаол иштирок этмоқда.
Яқин вақтларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган мазкур замонавий иншоот аҳоли ва транспорт воситалари учун янада хавфсиз ҳамда қулай ҳаракатланиш имконини яратади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА