Қора металлургияда маҳсулот тури ва сифатини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани таъкидланди
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари қора металлургия қурилиш, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, машинасозлик, энергетика ва электротехника каби жами 50 миллиард долларлик иқтисодиёт тармоқлари учун асосий хомашё манбаларидан бири эканини таъкидлади.
Иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиб, ялпи ички маҳсулотни 2030 йилда 240 миллиард долларга етказиш учун йилига камида 8-9 фоизли ўсишни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, соҳада импортга қарамлик, таннарх ва энергия сарфининг юқорилиги, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий қилиш бўйича натижалар етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Айниқса, жаҳондаги зиддиятлар ва асосий транспорт йўлакларидаги логистика муаммолари шароитида қора металлургияда хомашё базасини мустаҳкамлаш, маҳсулот тури ва сифатини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани таъкидланди.
ЎзА