“Қора дори – 2026” профилактик тадбири ўтказилмоқда
Навбаҳор туманида Навоий вилояти ИИБ ва Божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамкорлигида “Қора дори – 2026” кенг қамровли тезкор профилактик тадбири ўтказилди.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласининг олдини олиш мақсадида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаронинг яшаш хонадони томорқасидаги анор дарахтлари ва маккажўхори пояси орасида етиштирилаётган баландлиги 1,5-2,5 метр бўлган 32 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги аниқланди.
Бундан ташқари, хонадоннинг омборхона ва тандирхона қисмида 423,4 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси ҳамда 9,15 грамм кўкнор бошоғи келгусида сотиш мақсадини кўзлаб сақлаб келингани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири