Бугун Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Қўқон шаҳридаги “Шедевр” ва Данғара туманидаги “Марокаш” номли чойхоналарда содир этилган жиноятлар ва улар билан боғлиқ бошқа жиноятлар бўйича айблов ҳукмини чиқарди.
Дастлабки тергов органи томонидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айб эълон қилинган жиноят иши суд мажлисида қонунда белгиланган 4 ой кўрилди.
Судланувчиларнинг бир нафари суддан яширингани учун жиноят ишининг унга оид қисми алоҳида иш юритувига ажратилиб, эҳтиёт чораси қамоққа алмаштирилиб, қидирув эълон қилинган эди.
Суд судланувчиларнинг 1 нафарини безорилик руҳида учта одамни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш, қонунга хилоф равишда қурол сақлаш ва безорилик жиноятлари содир этган деб, аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 16 йил муддатга, ўқ отар қуролини қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини содир этган 1 нафар шахсга аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
[gallery-277]
Ўқ отар қуролини қонунга хилоф равишда сақлаш жиноятини содир этган 1 нафар шахсга аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 4 йил 4 ой муддатга, муқаддам судланган ва суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ даврида безорилик жинояти содир этган 9 нафар шахсга нисбатан аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 5 йил муддатга, безорилик жинояти содир этишда фаол иштирок этган 4 нафар шахсга аввал судланмаган бўлсаларда 5 йил, 2 нафарига эса 4 йил муддатга, бошқаларнинг ундови билан безорилик жинояти содир этган 18 нафар шахсга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди ва уларнинг 2 нафари суд залидан қамоққа олинди.
Ҳукм эълон қилингандан сўнг раислик қилувчи судья ҳукм мазмуни, судда келтирилган айрим важлар билан қўшилмаслик сабаблари, жазо тайинлашда эътиборга олинган ҳолатлар ва ҳукмдан норози тарафларнинг шикоят қилиш ҳуқуқларини тушунтирди.
–Тергов органи томонидан йиғилган ва ҳимоя томонидан судга тақдим этилган далиллар тўлиқ текширилди ва улар ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончилиги нуқтаи назаридан баҳоланди.
Суд айблов ҳукми чиқариш билан биргаликда жиноят содир этилишига сабаб бўлган омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳамда дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган айрим камчиликлар борасида хусусий ажрим ҳам чиқарди, – дейди вилоят судининг судьяси Раҳматжон Арапов.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА