Божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пиротехника воситаларининг четдан ноқонуний олиб кирилиши, сақланиши ва айланишига тизимли равишда қарши кураш олиб борилмоқда.
Жумладан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасини олдини олишга қаратилган навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида мазкур шаҳар ҳудудида ҳаракатланаётган фуқаро бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина тезкор кузатувга олиниб, шаҳардаги яшаш хонадонларининг бирини олдига яқинлашган вақтида белгиланган тартибда тўхтатилиб кўздан кечирилганида автомашина салонида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 16 дона қутиларда жами 900 донага яқин мушак пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
[gallery-24572]
Шундан сўнг, ҳайдовчининг кўрсатмасига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, автомашина тўхтатилган хонадон ҳам белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, яшаш хонадонига туташ бўлган қўшимча ер майдони ҳовлисида тегишли хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, 50 дона қутиларда жами 2800 дона мушак пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Ўтказилган кенг қамровли тезкор тадбир давомида дастлабки қиймати 1 миллиард 35 миллион сўмлик жами 66 та қутиларда 3700 донага яқин “7 SHOTS” номли мушак пиротехника воситалари ҳолати бўйича тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, вақтинча сақловга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА