Қўқон ўрдаси: асл қиёфа тикланади
Тарихий хотира ва маданий меросни асраб-авайлаш ҳар бир халқнинг ўзлигини англашида муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва уларнинг асл тарихий қиёфасини тиклаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу жараёнда Фарғона водийсининг гавҳари бўлмиш Қўқон шаҳри, хусусан, унинг тимсоли ҳисобланган Худоёрхон ўрдаси алоҳида ўрин тутади.
Тарихий ноёб фотосуратлар ва архив ҳужжатлари Қўқон ўрдаси ўз даврининг минтақадаги энг улкан ва муҳташам сарой мажмуаларидан бири бўлганига гувоҳлик беради. Афсуски, маълум тарихий ва сиёсий сабабларга кўра, бу саройнинг катта қисми вайрон қилинган, унинг фақат маълум бир бўлаги бизгача етиб келган эди. Бугунга келиб, Қўқонга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимининг кескин ортиши ва шаҳарда халқаро ҳунармандчилик фестивалларининг анъанавий ўтказилаётгани тарихий обидаларни асл ҳолига қайтариш заруратини кун тартибига чиқарди.


Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутахассислари ҳамда раҳбарияти Қўқон шаҳрининг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича таклиф этилаётган стратегик лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Муҳокамалар марказида Худоёрхон ўрдасининг асл меъморий қиёфасини тиклаш, хусусан, сарой атрофидаги тарихий дарвозаларни қайта барпо этиш масалалари турди.


Ишчи гуруҳ Қўқон шаҳри ҳокими ва тажрибали архитекторлар билан биргаликда Қўқон музей-қўриқхонаси, Муқимий номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳамда ўрда ҳудудини кўздан кечирди. Ўрганиш давомида хонлар қароргоҳининг техник ҳолати, мавжуд экспонатлар сақланиши, шунингдек, сарой ҳудудини кенгайтириш ва уни комплекс равишда реставрация қилиш имкониятлари атрофлича таҳлил қилинди. Бундан ташқари, ҳудуднинг иқтисодий имкониятларидан оқилона фойдаланиш мақсадида Қўқон механика заводининг фойдаланилмаётган бино ва ер майдонларини замонавий туризм инфратузилмаси объектларига айлантириш бўйича истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Қўқон ўрдасининг кенгайтирилиши ва асл қиёфасининг тикланиши нафақат тарихий адолатни қарор топтириш, балки ҳудуднинг иқтисодий драйвери бўлган туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Яқин кунларда амалий ишларга старт берилиши кутилаётган ушбу лойиҳа Қўқонни нафақат ҳунармандлар маркази, балки Марказий Осиёдаги йирик меъморий обидалар маскани сифатида дунёга қайта танитади.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА